Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидаги Риштон пости билан Қирғизистоннинг Қайтпас пости ўртасидаги нейтрал ҳудудда Сўх тумани ҳокимлигининг Ободонлаштириш бўлими бош бухгалтери Шерзод Қурбонов қирғиз чегарачилари томонидан калтаклангани айтилмоқда.
Қурбонов яқинларининг иддао қилишича, у мажбуран Қирғизистон ҳудудига олиб ўтилган ва у ерда яна калтакланган.
Бу можарода Шерзод Қурбоновнинг кекса онаси ҳам жароҳат олгани айтилмоқда.
Сўх тумани ҳокимлиги делегацияси Қирғизистонга бориб, Шерзод Қурбоновни олиб келган. Айни пайтда у касалхонада даволанмоқда.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
"Қайтпас" постидаги жанжал
Бу воқеа 16 май куни кечқурун Риштон тумани орқали Қирғизистоннинг Қайтпас постида содир бўлган.
Воқеа гувоҳларининг айтишича, Сўх тумани ҳокимлиги бош бухгалтери Шерзод Қурбоновнинг нейтрал ҳудудда турган автомобили қирғиз чегарачилари томонидан ортга қайтариш талаб қилинган.
Қурбонов эса бу нейтрал ҳудуд эканини ва унинг шахсий автомобили навбат кутиш учун бу ерда туришга ҳақлилигини айтган. Шундан кейин чегарачилардан бири машинани тепиб, унга шикаст етказган.
Фарҳоднинг айтишича, шундан сўнг қирғиз чегарачилари унинг укасининг қўлини қайириб, Қирғизистон ҳудудига олиб ўтишган ва у ерда ҳам калтаклашган.
Бу жанжал пайтида Шерзод Қурбоновнинг кекса онаси ҳам ўғлини чегарачилар қўлидан ажратиб олишга уринар экан, оёғи ва бошидан жароҳат олган. Аҳволи оғирлашгач, уйига тез ёрдам чақирилган.
Шерзод Қурбонов олган жароҳатлардан бири
Шерзод Қурбоновнинг турмуш ўртоғи ва уч нафар ёш боласи ҳам қаттиқ руҳий зарба олгани айтилмоқда.
Воқеанинг эртаси куни Сўх тумани ҳокимлиги делегацияси Қирғизистонга бориб, ҳолатни ўрганган ва Шерзод Қурбоновни олиб қайтган.
Фарҳод Қурбоновнинг иддао қилишича, Қирғизистон томони унинг укасини айбдор қилиб кўрсатиш учун унга нисбатан маъмурий иш очган, 750 минг сўм миқдорида жарима солган ва уни тўлашга мажбур қилган.
Шерзод Қурбонов Сўх тумани касалхонасига ётқизилган ва ҳозир даволанмоқда.
Фарғона вилояти кенгаши депутати Субҳонали Нишонов Facebook ва Instagram саҳифаларида бу можарога муносабат билдириб, қирғиз чегарачиларининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши кераклигини айтди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Фарғона вилояти кенгаши депутати Субҳонали Нишонов баёноти.
Исми сир қолишини сўраган сўхлик маҳалла фаолининг айтишича, кейинги пайтларда эксклав аҳолисининг Қирғизистон орқали Ўзбекистонга кириб-чиқиши тобора қийинлашмоқда:
“Қирғиз чегарачилари ва божхоначиларининг сўхликларга муносабати жуда ёмон. Дўстлик, қардошлик деймизу, лекин оддий одамлар йўлда қийналади. Постларда паспорт текшириб муҳр босадиган жойлар кам ишлайди. Одамлар соатлаб навбат кутади. Ҳақорат қилиш оддий ҳолга айланган. Лекин негадир бизнинг ҳукумат бу ҳолатга етарлича эътибор бермайди. Ўз фуқаросининг ҳуқуқини ҳимоя қилолмаяпти ёки қилишни истамаяпти”.
Озодликнинг Қирғизистон Чегара хизмати матбуот хизмати билан боғланишга қилган уринишлари натижа бермади.
Сўх Ўзбекистоннинг эксклав ҳудуди. Аммо сўхликларнинг ўз ватанига қатнаши йилдан-йилга мураккаблашиб бораётгани айтилмоқда.
Маҳаллий аҳоли йиллар давомида чегаралардаги узун навбатлар, қўпол муомала ва турли чекловларга мослашиб яшашга мажбур бўлганини айтади.
Сўх ва ундаги “Чашма” булоғи бундан беш йил аввал — 2020 йил 31 май куни Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасидаги жиддий тўқнашув марказига айланган эди.
Ўшанда можаро Сўх тумани ва Қирғизистоннинг Қадамжой тумани аҳолиси ўртасида сув масаласи туфайли келиб чиққан.
Тўқнашувларда камида 187 нафар ўзбекистонлик ва 25 нафар қирғизистонлик тан жароҳати олган.
Ўша пайтдаги Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев можарони тинчлантириш учун Сўхга борган, аммо у аҳоли томонидан тошбўрон қилинган эди.
Айнан Бош вазир Абдулла Арипов 2020 йилда “Чашма” булоғини обод қилиш ва у ерда дам олиш маскани барпо этишга ваъда берганди.
Бироқ жорий йил май ойида Сўх туманидаги бир неча йилдан бери баҳсларга сабаб бўлиб келган “Чашма” булоғи тўлиқ Қирғизистон балансига ўтгани маълум қилинди.
2020 йилги Сўх воқеалари ортидан 22 киши қамоққа олинган ва турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган эди.
Сўхдаги навбатдаги можаро икки давлат ўртасидаги чегара муаммоси ҳал бўлгани ҳақидаги расмий баёнотлар оддий одамлар ҳаётида ҳали сезилмаётганини кўрсатмоқда.
Эксклавда яшовчи минглаб одамлар учун чегара шунчаки давлат чизиғи эмас, балки ҳар куни сабр, ҳақорат ва хавотир билан кесиб ўтиладиган синовга айланиб қолган.