ССВ: COVID-19 дан бир кунда уч киши вафот этди, қурбонлар сони 660 нафарга етди

Ўзбекистонда ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан уч нафари вафот этган, шу тариқа COVID-19 қурбонларининг умумий сони 660 нафарга етган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик қайдича, 2021 йил 6 май ҳолатига кўра, мамлакатда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 93 минг 597 нафарни ташкил этган.

ССВ кеча Ўзбекистоннинг истисносиз барча ҳудудларида 421 киши коронавирус юқтириб олганини билдирган.

Айни пайтда пайшанба куни Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 363 нафар бемор тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 89 минг 338 нафарни ташкил этган.

Вазирлик тиббиёт муассасаларида ҳозирда муолажа олаётган беморлар сони 3599 нафарга етганини қўшимча қилган.