Қирғизистон парламенти Конституциявий суд қарорларини қайта кўриб чиқиш ёки бекор қилишга имконият берувчи қонун лойиҳасини иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилди. Мазкур қонун парламентга президент Садир Жапаров томонидан тақдим этилган эди.
Амалдаги қонунчилик бўйича Қирғизистонда Конституциявий суднинг қарори якуний ҳисобланади ва у бажарилиши шарт.
Қабул қилинган қонунга асосан, эндиликда Конституциявий суд президент ёки суд раиси сўрови билан қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Қирғизистон адлия вазири ўринбосари Ўрўзбек Сидиқовнинг айтишича, қонунчиликка бундай ўзгартиш киритилишига Конституциявий суднинг матронимлар тўғрисидаги қарори ҳам “қайсидир маънода таъсир кўрсатган”.
Матронимлар тўғрисидаги қарорни Конституциявий суд жорий йилнинг июнида қабул қилган эди. Унга асосан болаларга 18 ёшга тўлганида ҳужжатларида отаси ёки онаси исмини ёздириш ҳуқуқи берилади.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Конституциявий суд ҳукуматга балоғат ёшига, яъни 18 ёшга етган шахсларнинг “отаси ёки онаси исмини танлаш ҳуқуқини таъминлаш” учун қонунчиликка ўзгартиш киритиш мажбуриятини юклаган эди.
Бу қарор қирғиз жамиятида жуда қизғин бахсларга сабаб бўлди. Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев қарорни танқид қилди. Орадан бир неча кун ўтгач, президент маъмурияти парламентга Коснтитуциявий суд қарорларини қайта кўриб чиқишга имконият яратувчи қонун лойиҳасини тақдим қилган эди.