Суриштирув: Тоқаев оиласининг Москвадаги ҳашаматли мулклари махфийлаштирилган

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев оиласига тегишли ҳашаматли кўчмас мулкларга оид маълумотлар “Росреестр”дан ўчириб ташланди, дея маълум қилди россиялик мухолифатчи Алексей Навальний жамоаси.

2 декабрь куни эълон қилинган суриштирувда президентнинг ўғли Тимур ва собиқ рафиқаси Надежда Тоқаеванинг квартиралари ҳақидаги маълумотлар Россия давлат мулозимлари ҳамда махсус хизматлар ходимларининг кўчмас мулкларига доир маълумотлар билан бирга махфийлаштирилгани айтилган.

Навальний жамоаси тақдим этган ҳужжатга кўра, 37 ёшли Тимур Тоқаев 2010 йилдан бери Хамовники туманидаги 196 кв.метр майдонли квартирага эгалик қилади. Надежда Тоқаевага тегишли 167 кв. метрли квартира Мешанск туманида бўлиб, 2000 йилда сотиб олинган.

Кўчмас мулклар эгалари ҳақидаги маълумотлар базаси бўлмиш “Росреестр” Тоқаевларнинг мол-мулкига оид маълумотларни қачон ва нега яширгани очиқланмаган.

“Россияда давлат амалдорлари ва махфий хизматлар ходимларига тегишли ҳашаматли кўчмас мулклар “давлат ва жамият манфаатлари учун” деган баҳона билан одамлар кўзидан яшириляпти. Хўп, яхши. Лекин Қозоғистон президенти Тоқаев оиласининг элитар квартираларини нега махфийлаштиришади?” деган суриштирув муаллифларидан бири Марина Певчих.

Қозоғистон сенати собиқ спикери Қосим-Жўмарт Тоқаев 2019 йилда президент лавозимини эгаллаган. 68 ёшли Тоқаев Москва давлат халқаро муносабатлар институтини тугатган, турли дипломатик лавозимларда ишлаган, шунингдек Қозоғистон ҳукумати бошлиғи бўлган.

Тоқаевнинг шахсий ва оилавий ҳаётига оид маълумотлар жуда кам. Президент бўлганидан сўнг қозоқ ОАВлари у уйлангани ва фарзанди борлиги ҳақида ёзган. Аммо бир оз ўтиб президент расмий сайтида эълон қилинган таржима ҳолида Тоқаев “ажрашган”лиги айтилган.