Исроил ҳарбий авиацияси Суриянинг Латакия портига зарба берди

Исроил ҳужумидан сўнг Латакия портидаги ёнғинни ўчираётган ўт ўчирувчилар.

Исроил ҳарбий авиацияси Латакия портига зарба бергани тўғрисида Сурия давлат нашрлари хабар берди. Хабарларда айтилишича, Исроил самолётлари савдо портидаги контейнерлар майдончасини бомбардимон қилган.

Контейнерларда қурол-аслаҳа бўлгани гумон қилинмоқда.

Бомбардимон оқибатида тинч фуқаролар яшайдиган манзиллар ҳам зарар кўргани айтилмоқда. Бироқ тинч фуқаролар жабрлангани тўғрисида хабар берилмади.

Нашрларнинг ёзишича, Сурия ҳаводан ҳужум ҳимояси Исроил зарбаларининг олдини олиш салоҳиятига эга бўлмаган.

Исроил зарба берган Латакия портидан 25 километр узоқликда Россиянинг Хмеймим ҳарбий ҳаво базаси жойлашган. Россия Мудофаа вазирлиги ва Исроил расмийлари бу ҳужум тўғрисида маълумот беришдан бош тортди.

Исроил ҳарбийлари бу билан Латакия портига бир ой ичида иккинчи марта ҳужум қилди. Бундан аввалги бомбардимон 7 декабрда амалга оширилган эди.