Сурия: Москва дастаклаган Башар Асад яна 7 йилга президентлик курсисида қолгани айтилмоқда

Башар Асад хотини Асмо билан овоз бериш чоғида

Сурия диктатори Башар Асад, 27 май куни эълон қилинган расмий маълумотларга кўра, мамлакатда ўтказилган сайловида 95 фоиз овоз билан ғалаба қозониб, тўртинчи бор президентликка қайта сайланган. Мухолифат ва Ғарбдаги қатор мамлакатлар Сурияда ўтказилган президент сайлови сохта эканини урғулаб, бу натижаларни рад этган.

Башар Асад президент сайловида унча таниқли бўлмаган икки арбобга қарши ўз номзодини қўйган.

Ҳукумат 26 май куни бўлиб ўтган сайловлар учун мамлакат бўйлаб 12 мингдан зиёд сайлов участкаси ташкил этилганини билдирган. Овоз бериш АҚШ томонидан дастакланган суриялик курдлар ва уларнинг иттифоқчилари назорати остида бўлган шимоли-шарқий минтақада ҳам, суриялик исёнчиларнинг таянч маскани бўлган Идлиб вилоятида ҳам ўтказилган эмас.

Чет элда истиқомат қилувчи сурияликларга ёнидаги паспортида мамлакатдан чиқишда қўйилган штамп бўлиши шарти билан хориждаги дипломатик ваколатхоналарда ташкил этилган участкаларда овоз бериш таклиф этилган. Бу талаб феълан хориждаги миллионлаган суриялик қочқин овоз беришда иштирок этолмаслигини англатар эди.