Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Расул Кушербаевни депутатлик одобига зид хатти-ҳаракатда айблади

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги вакиллари фикрича, депутат Р. Кушербаев (суратда) вилоят ҳокими Т. Боболовга асоссиз айблов қўйган

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Human.uz ахборот порталининг “Сўз блогерларга” кўрсатувида Сурхондарё вилоят ҳокимига нисбатан “мавҳум айблов” қўйиб, депутатлик этикасини тескари иш тутган. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан 17 май куни тарқатилган расмий муносабатда билдирилган.

Хабарномада қайд этилишича, Р.Кушербаев мазкур кўрсатувда Отабек Сатторий ва унинг суд жараёни ҳақида сўз юритаркан, “Сурхондарё вилояти ҳокимига шу масалада алангали салом, деб қўймоқчи эдим. Отабек Сатторийнинг қандай жигарлари, фарзандлари бўлса, у кишининг ҳам худди шундай яқинлари бор. Бу дунё қайтар дунё эканлигини унутмаслик керак. Буни нима учун айтаётганимни у киши жуда яхши билиб турибдилар, менимча. Қолганларга ҳам инсоф берсин”, дея таъкидлаган.

“Бу билан депутат Р. Кушербаев оммавий ахборот воситасидаги ўз чиқишида Сурхондарё вилояти ҳокимига нисбатан “У кишининг ҳам худди шундай яқинлари бор, қайтар дунё бу” дея мавҳум айблов қўйиб, томошабинларда гўёки, блогер О.Сатторийнинг суд ишига вилоят ҳокими алоқадордек фикр уйғотди”, дейилган Сурхондарё вилояти ҳокимлиги хабарномасида.

Ҳокимлик вакиллари депутат томонидан Сурхондарё вилояти ҳокимига нисбатан қўйилаётган бу асоссиз айблов депутатлик одоби қоидаларига мутлақо тўғри келмайди, деган фикрдалар.

Хабарномада вилоят ҳокимлиги томонидан блогер Отабек Сатторийга қарши ҳеч қандай ҳаракат амалга оширилмагани, вилоят ҳокимлигининг ушбу ишга алоқаси йўқлиги боис суд жараёнида ҳокимлик ҳатто гувоҳ сифатида ҳам чақирилмагани иддао қилинган.

“Қолаверса, одил судлов фақат суд органлари томонидан амалга оширилади. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўзларига қонун билан белгилаб берилган ваколатлардан фойдаланган ҳолда иш юритади, суд органларининг ишларига аралашиш ҳокимлик ваколатига кирмайди”, дейилган ҳокимлик хабарномасида.

Маҳаллий расмийларни ўзининг “Халқ фикри” видеоблогида танқид қилгани билан танилган сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди ҳукми билан шу йил 10 майида олти ярим йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Ҳукм ортидан Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ), Чегара билмас мухбирлар ва Human Rights Watch каби қатор халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматини блогер Отабек Сатторийни зудлик билан озод қилишга чақирган. Ташкилотларнинг ишонишича, блогер коррупцияга қарши курашгани ортидан сохталаштирилган жиноят иши асосида жазоланган.