Таиланд расмийлари мамлакат пойтахти отини бошқа қўйишди

Таиланд расмийлари мамлакат пойтахти номини ўзгартиришга қарор қилишди. Қарорга мувофиқ, Таиланд қироллик илмий кенгашига кўра нотўғри бўлган Бангкок номи эндиликда қўлланилмайди, унинг ўрнига Крунг-Тхеп-Маха-Накхон ёки Крунг-Тхеп деган номдан фойдаланилади. Бу ном тахминий таржимада “Малаклар шаҳри Буюк пойтахт” ўлароқ янграйди. Бангкок эса норасмий ном ўлароқ сақлаб қолиниб, қавс ичида бериб кетилади.

Таиланд пойтахти маҳаллий аҳоли томонидан доим Крунг-Тхеп деб атаб келинган. Бу пойтахт номининг энг қисқа шаклидир. Шаҳарнинг тўлиқ номи 40 та унсурдан иборат (Крунг Тхеп Маханакхон Амон Раттанакосин Махинтараюттхая Махадилок Пхоп Ноппарат Ратчатхани Буриром Удомратчанивет Махасатан Амон Пиман Аватан Сатит Саккатхаттийя Витсанукам Прасит) бўлиб, у ҳатто энг узун шаҳар номи сифатида Гиннесс рекордлар китобига киритилган.

Айни пайтда Таиланд аҳолисининг кўпчилиги бу бирикма нимани англатишини тушунтиролмайди ва ҳатто уни тўлалигича тўғри талаффуз этиб беролмайди, чунки ундаги сўзларнинг кўпи эскириб, бугунги кунда истеъмолдан чиқиб кетган.

Бангкок мазкур шаҳарга XVIII асрда хорижликлар томонидан берилган ном бўлиб, унинг “Ёввойи олхўрилар қишлоғи” маъносини бериши айтилади.