Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси 2024 йил бошидан тугатилади

Ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилиб олган Тоғли Қорабоғ республикаси 2024 йилнинг 1 январидан эътиборан тугатилади. Бунга оид фармонга тан олинмаган республика раҳбари Самвел Шахраманян имзо чеккан.

Фармонга мувофиқ, бу санага бориб “барча давлат муассасалари ва ташкилотлари” тарқатиб юборилади ҳамда Тоғли Қорабоғ республикаси (Арцах) тугатилади.

Фармонда айтилишича, Тоғли Қорабоғ аҳолисига “минтақада қолиб-қолмасликка қарор қилиши учун Озарбайжоннинг реинтеграция шартлари билан ташишиб чиқиш” тавсия этилади.

Арманистон ҳукумати маълумотига кўра, 28 сентябрь тонгигача Тоғли Қорабоғдан Арманистонга 65 мингдан зиёд киши мажбуран кўчган – бу тан олинмаган республика аҳолисининг қарийб ярмига тенг.

Фармонда Тоғли Қорабоғ республикасининг тугатилишига оид қарор “юзага келган ҳарбий-сиёсий вазиятдан, Тоғли Қорабоғ халқининг жисмоний хавфсизлиги ва турмуш манфаатларини таъминлаш каби устувор вазифадан келиб чиққан ҳолда”қабул қилингани ҳам қайд этилган.

Унда “қуролини топширган ҳарбийлар дохил Тоғли Қорабоғ турғунларининг транспорт воситаларида мол-мулки билан Лочин коридори орқали эркин, ихтиёрий ва тўсқинликсиз ўтиши” таъминланаётгани ҳам қўшимча қилинган. Фармонда айтилишича, бу каби келишувга Россия тинчликпарвар кучлари воситачилигида Озарбайжон вакиллари билан эришилган.

Ўтган ҳафтада Озарбайжоннинг ҳарбий амалиёти натижасида тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасининг арман миллатига мансуб расмийлари Боку олдида феълан капитулация эълон қилишган.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдан қочқинларни қабул қилишга тайёр эканини билдирган.

Ереван расмийларининг Озарбайжон шартлари асосида сулҳга рози бўлгани ортидан Арманистонда бир ҳафтадан буён норозилик чиқишлари давом этмоқда.