Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Афғонистон президенти қабулида бўлди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири А. Комилов 2018 йил августидаги Кобул сафари чоғида ҳам президент А. Ғани қабулида бўлганди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Кобулга ташрифи доирасида 23 февраль куни Афғонистон президенти Ашраф Ғани томонидан қабул қилинган.

ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, вазир Комилов Афғонистон президентига ўзбекистонлик ҳамкасби Шавкат Мирзиёевнинг мактубини топширган.

Қабул чоғида Ўзбекистон-Афғонистон кўп қиррали муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинган.

Президент Ашраф Ғани афғон халқи номидан Афғонистон заминида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, мамлакат иқтисодиётини тиклашда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани учун Ўзбекистон президентига миннатдорлик изҳор этган.

Мулоқот пайтида афғонлараро сиёсий музокараларнинг узоқ муддатли тинчлик ўрнатиш ва мамлакатда хавфсизликни таъминлашдаги муҳим ўрни ҳам қайд этилган.

Ташқи ишлар вазири А. Комилов 17 ва 18 февраль кунлари Ўзбекистонга қўшни бўлган Туркманистон, Қозоғистон ва Тожикистонга сафар қилиб, мазкур мамлакатлар президентлари қабули бўлгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Вазир Комилов 23 февраль куни Кобулда афғонистонлик ҳамкасби Ҳаниф Атмар билан ҳам учрашган.

“Учрашувда Ўзбекистон-Афғонистон конструктив ҳамкорлигининг долзарб масалалари, жумладан, сиёсат, хавфсизлик, савдо, инвестиция ва бошқа соҳалардаги ўзаро муносабатлар муҳокама қилинди”, дейилган ТИВ хабарномасида.

Мулоқотда томонлар халқаро ва минтақавий кун тартибининг бошқа масалалари бўйича ҳам фикр алмашганлар.