Татаристон Давлат кенгаши раиси ватандошларини аҳолини рўйхатга олишда ўзларини “татар” деб ёздиришга чақирди

Татаристон Давлат кенгаши раиси Фарид Мухаметшин, Татаристон давлат маслаҳатчиси Минтемир Шаймиев ва Татаристон президенти Рустам Минниханов (чапдан ўнгга)

Татаристон Давлат кенгаши раиси Фарид Мухаметшин ватандошларини Бутунроссия аҳолини рўйхатга олиш чоғида ўзларини “татар” деб ёздиришга чақирди.

Унинг айтишича, рўйхатга олиш татарлар учун ўта муҳим, чунки улар Россиянинг турли қисмларида яшашади. “Татарларнинг сон бўйича Россияда иккинчи ўринни сақлаб қолиши сизнинг, менинг – барчамизнинг қўлимизда”, дея Мухаметшиндан иқтибос келтирган “Татар-информ”.

“Қаерда яшамайлик, қайси тилда сўзламайлик, томирларимизда татар қони оқмоқда, генларимизда эса татар хотираси сақланмоқда. Ҳурматли ватандошлар, сизларни рўйхатга олишда ўзингизни “татар” деб ёздиришга чақираман. Халқимизнинг келажаги бизга боғлиқ”, дея мурожаат қилган у.

Татаристон – Россиядаги президент томонидан бошқариладиган ягона республикадир, қолган республикаларнинг бош маҳаллий маъмурлари “раҳбар” деб аталади. Татаристон ҳокимият идораларининг махсус мақоми 1994 йилги шартномада мустаҳкамланган эди. 2017 йилда ҳужжатнинг амал қилиш муддати тугагач, федерал ҳокимият уни узайтирмаган, аммо Татаристонда “президент” номи сақлаб қолинган. 2020 йилда Миннихонов ушбу лавозимга қайта сайланган.

2021 йил сентябрида Давлат думасига барча минтақаларнинг бош мансабдор шахсларини умумий ном билан “субъект раҳбари” деб аташ тўғрисида қонун лойиҳаси киритилган эди. 25 октябрда Татаристон Давлат кенгаши депутатлари ушбу қонуннинг айрим бандларини “Россия Федерацияси Конституциясига зид” деб топиб, унга қарши овоз беришган.

Татаристон парламенти томонидан рад этилиши қонуннинг Думада қабул қилинишига халал бера олмайди, чунки Федерация субъектларида вето ҳуқуқи йўқ.