Жорий йилнинг 22 ноябридан эътиборан Татаристонда коронавирусга қарши эмланганлик ҳақида сертификат QR-кодига эга бўлганларгина жамоат транспортига қўйилади. Бу ҳақда Татаристон президенти матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Хабарномада транспортда юриш бўйича мазкур чеклов чоралари “одамлар ҳаёти ва соғлиғига хавф юқори бўлгани сабабли” жорий этилаётгани урғуланган. QR-кодга эга бўлиш талаби ёши 18 дан ҳар бир йўловчига нисбатан қўлланилиши қайд этилган.
Пандемия бошидан бери Татаристонда коронавирус қурбонлари сони 1 минг 41 кишига етган. QR-код талаби республикада шу йил 11 октябрдан бери жорий қилинган бўлиб, у умумий овқатланиш объектлари, спорт марказлари, ҳовузлар, аквапарклар, савдо-кўнгилочар марказлари, театрлар, кино ва кўпчилик йиғиладиган бошқа жойларга киришда сўралади.
Сўнгги пайтларда таркибига Татаристон республикаси ҳам кирадиган Россия Федерациясида коронавирус важидан ўлганлар сони кўпайиб бормоқда. Дейлик, биргина 4 ноябрь куни РФда, расмий маълумотларга кўра, COVID-19 туфайли 1 минг 195 нафар бемор нобуд бўлган. Коронавирусга чалинганларнинг умумий сони эса Россияда пандемия бошидан бери 8 миллион 755 минг 930 нафарга етган.