Филиппиндаги тайфунда камида 208 одам ҳалок бўлди

Тайфун оқибатида минглаб уйлар вайрон бўлди.

Филиппинда юз берган “Рай” тайфуни оқибатида камида 208 киши ҳалок бўлди. Бу сўнгги бир йил ичида Филиппинда юз берган энг кучли тайфун экани айтилмоқда.

Маҳаллий полициянинг 20 декабрда билдиришича, табиий офат оқибатида яна 240 киши турли даражада жароҳатланди ва 52 киши бедарак кетди. Тайфун оқибатида бир қатор шаҳарларда алоқа ва йўл инфраструктураси ишдан чиқди.

Табиий офатдан энг кўп зарар кўрган ҳудудларига қўшимча кучлар жўнатилди. Омон қолган аҳоли тоза сув ва озиқ-овқат тақчилигини бошдан ўтказмоқда.

17 декабрда бошланган тайфун тезлиги соатига 195 километрни ташкил қилган. Одамлар ўлимига дарахтларнинг қулаши, сув тошқини ва ер кўчкилари сабаб бўлган.