Тбилисида минглаб одам Саакашвилини озод этишни талаб қилиб намойишга чиқди

Саакашвилини озод этиш талаби билан Тбилисида ўтказилган намойишдан лавҳа, 2021 йил 14 октябри

Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвилини озод этиш талаби билан 14 октябрь куни Тбилиси марказидаги Озодлик майдони ва шаҳарнинг энг катта кўчаси бўлмиш Руставели проспектида минглаб одам тўпланди.

Грузия байроқларини кўтариб олган намойишчилар “Мишага озодлик”, дея қичқиришган.

Телеканаллар орқали эфирга узатилган кадрларда намойиш бўлаётган парламент биноси ёнига полиция махсус бўлинмаси автобуслари келиб тўхтаганини акс этган.

53 ёшли Саакашвили 1 октябрь куни ҳибсга олиниб, Рустави шаҳридаги ҳибсхонага ташланганидан сўнг очлик эълон қилган. Саккиз йил олдин мамлакатдан чиқиб кетган собиқ президент Грузияга қайтиб келганини маълум қилганидан бир неча соат ўтиб қўлга олинган.

Саакашвили ватанида 2018 йилда сиртдан қамоққа ҳукм қилинган бўлиб, сўнгги йилларда Украинада яшаётганди.

Ўтган ойда у қамоққа олиниши хавфи борлигига қарамай, 2 октябрга белгиланган умуммиллий маҳаллий сайлов муносабати билан, “мамлакатни қутқаришда кўмаклашиш учун” Грузияга қайтишини эълон қилган.

Сайловда Саакашвили асос солган мухолифатдаги “Ягона миллий ҳаракат” иқтидордаги “Грузия орзуси” партиясига ютқазган. Бироқ ҳукмрон партия номзодлари энг йирик шаҳарларда 50 фоизли тўсиқдан ўта олмагани сабабли 30 октябрь куни сайловнинг иккинчи тури ўтказилади.

Саакашвилининг шифокори Николоз Кипшидзе 10 октябрь куни беморнинг соғлиғи ёмонлашаётгани туфайли уни касалхонага кўчириш зарурлигини маълум қилган.

Кейинроқ Адлия вазирлиги “Саакашвилининг саломатлиги қониқарли даражада”, дея баёнот берган.