Тбилисида Озодлик радиосининг грузин хизмати ходимлари ҳужумга учради

Дато Коридзе ва Торнике Мандария

Тбилисидаги БМТ ваколатхонаси биноси олдида Озодлик радиоснинг грузин хизмати журналистлари Торнике Мандария ва Дато Коридзе ҳужумга учрашди. Уларга касбий вазифасини бажараётган пайтда ҳужум қилишган. Ҳодиса чоғида уларга тегишли техникага ҳам шикаст етган.

Грузия пойтахтида 5 июль куни ЛГБТ-ҳамжамиятнинг бўлажак юришига қарши кишилар иштирокида тартибсизлик юзага келган. Улар душанба оқшомида Руставели шоҳкўчасида ўтказилажак юришга норозилик билдириб чиққанлар. Тартибсизлик иштирокчилари қўлга олингани ҳақида маълумот йўқ.

Аввалроқ маҳаллий оммавий ахборот воситалари Грузия парламенти биноси олдида журналистларга ҳужум уюштирилгани ҳақида хабар қилгандилар. Грузин нашрлари тўқнашувни ультраконсерватив ва радикал ҳаракатлар вакиллари келтириб чиқарганини ёзмоқдалар.

Грузия Ички ишлар вазирлиги мухбирларга қарши уюштирилган ҳужумлар юзасидан мамлакат Жиноят кодексининг икки моддаси (журналистлар ишига қонунга хилоф равишда тўсқинлик қилиш ҳамда зўравонлик) бўйича тергов бошланганини маълум қилган.