Тбилисида евроинтеграция талаби билан муддатсиз норозилик ҳаракати бошланди

Тбилисидаги норозилик чиқишидан лавҳа, 2022 йил 3 июли

“Уят” нотижорат ташкилоти Грузия ҳукуматига қўйган етти кунлик ультиматум муддати тугаганидан сўнг Тбилисида, парламент биноси олдидаги Руставели марказий кўчасида 3 июль куни ўн минглаб одам тўпланди. Бир ҳафта муқаддам ушбу ташкилот лидерлари “Уйга – Европага” номли оммавий ижтимоий ҳаракатни тузишган эди, дея хабар қилди Озодликнинг рус хизмати.

Ультиматумга мувофиқ, бош вазир Ираклий Гарибашвили якшанба кунигача истеъфо бериши, иқтидордаги “Грузия орзуси” партияси эса мамлакатга Евроиттифоқ аъзолигига номзод мақоми берилиши учун лозим 12 шартни бажариш мақсадида халқ ишончи “техник ҳукумати” тузилишига розилигини эълон қилиши керак эди.

Руставели майдонидаги акцияда митинг то Гарибашвили ҳукумати истеъфо чиққунига қадар давом этиши ҳақида қарор ўқиб эшиттирилган. Митинг тинч, грузин ва украин миллий қўшиқлари садолари остида ўтмоқда.

17 июнь куни Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Украина ва Молдовага Европа Иттифоқи аъзолигига номзод мақоми берилганини маълум қилган. Грузияга эса номзод бўлиш учун қатор шартларни бажариш вазифаси топширилган. Мамлакат қатор тизимли ислоҳотлар ўтказиши, хусусан, сиёсий ва иқтисодий ҳаётни олигархлар таъсиридан чиқармоғи, суд ҳокимияти мустақиллигини, журналистлар ҳамда турли озчиликлар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминламоғи лозим.

Бош вазир Гарибашвили истеъфога чиқишдан бош тортган, иқтидордаги партия раиси Ираклий Кобахидзе эса мухолифатга ЕИ шартларини босқичма-босқич бажариш учун бир нечта парламент комиссияси ташкил этишни таклиф қилган.

Мухолифатдаги партиялар, жумладан, улардан энг йириги – Михаил Саакашвилининг “Ягона миллий ҳаракати” “Грузия орзуси” билан музокараларда “ҳеч қандай маъно йўқ”, деб ҳисобламоқда.