Теҳронда Ислом инқилоби посбонлари корпусининг сара кучлар бўлинмаси полковниги ўлдирилди

Воқеа жойида олинган фото, Теҳрон, 2022 йил 22 майи

Эрон пойтахтида 22 май куни Ислом инқилоби посбонлари корпусининг (ИИПК) сара кучлар бўлинмаси полковниги Сайёд Худоий ўз уйи ёнида отиб кетилди. Озодлик форс хизматининг ИИПК маълумотига таянган ҳолда хабар қилишича, “Ал-Қудс” махсус бўлинмаси командири икки мотоциклчи томонидан ўлдирилган.

Суиқасд шаҳарнинг шарқий қисмида содир бўлган. Хабарда айтилишича, Худоийга қарата беш марта ўқ узилган. Ҳодиса учун масъулиятни ҳали ҳеч ким зиммасига олгани йўқ. Инқилоб посбонлари корпуси воқеани “террорчилик ҳужуми” деб атаб, қотилликда “глобал такаббурлик билан боғлиқ шахслар”ни айблаган: Эрон расмий хабарномаларида одатда АҚШ ва иттифоқчилари шундай таърифланади.

ИИПКга яқин журналист суиқасд ортида Исроил турган бўлиши мумкинлигини айтди, дея хабар қилган Озодликнинг форс хизмати. Reuters агентлигига кўра, “Моссад” разведка хизмати фаолиятини бошқарувчи Исроил бош вазири девонхонаси бу борада изоҳ беришдан бош тортган.

Ислом инқилоби посбонлари корпуси қўшинларнинг барча турини ўз ичига олган ҳарбий ташкилот бўлиб, Эронда катта сиёсий ва иқтисодий нуфузга эга. 2019 йилда АҚШ ҳукумати уни террорчилик ташкилоти деб топган. ИИПКнинг “Ал-Қудс” бўлинмаси эса чет мамлакатларда махсус амалиётлар ўтказиш билан шуғулланади.

2020 йили Бағдодда АҚШ ўтказган махсус амалиёт натижасида “Ал-Қудс” раҳбари Қосим Сулаймоний ўлдирилган эди. Ушбу суиқасд Теҳронга қарашли кучлар тарафидан Ироқдаги АҚШ армияси бўлинмаларига қарши амалга оширилган ҳужумга жавоб экани айтилган.