Ўзбекистон Афғонистондан темир йўл орқали юк ташишни тўхтатмади

Иллюстратив сурат.

Жорий йилда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг “Сўғдиёна транс” шўъба корхонаси Афғонистондан Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россияга 32 410 тонна (564 вагон) юкни етказиб берди.

Расман билдирилишича, юкларнинг 15 969 тоннаси Ўзбекистонга, 13 869 тоннаси Қозоғистонга ва 2572 тоннаси Россияга ташилган. Юк асосан қуруқ мева ва сабзавотлардан иборат бўлган.

“Ўзбекистон темир йўллари” “Сўғдиёна транс” томонидан 10 йилдан бери Афғонистондан МДҲ мамлакатларига турли экспорт маҳсулотлари ташилаётганини билдирган. 10 йил ичида ташилган юк миқдори 28 миллион тоннани ташкил этган.

20 декабрь куни Покистоннинг The News International газетаси Ўзбекистон Кобул - Пешавор темир йўли қурилишини 2022 йилдан бошлашга тайёр эканини билдиргани тўғрисида хабар берган эди.

Афғонистон пойтахти Кобулни Покистоннинг Пешавар шаҳри билан боғловчи темир йўл қурилиши лойиҳаси 4 миллиард 800 миллион долларга баҳоланмоқда. Темир йўлнинг узунлиги 573 километрни ташкил қилади.