Қозоғистондаги Тенгиз конида қувур ёрилиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат.

Қозоғистондаги Тенгиз конида қувур ёрилиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди ва уч киши ярадор бўлди. Бу ҳақда Атирау полицияси маълум қилди. Расман билдирилишича, ҳодиса 6 июль куни эрталаб соат ўнларга яқин Жилиўй туманида юз берган.

Айрим хабарларда қувур нефть ва газ конидаги манбага улаш пайтида катта босимга дош бера олмай ёрилиб кетгани айтилмоқда. Полиция тергов-суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Жилиўй тумани Атирау вилоятининг Каспий денгизи билан чегарадош қисмида жойлашган. Бу ерда кўплаб нефть ва газ конлари мавжуд. Тенгиз конидаги нефть захираси 3,2 миллиард тонна экани таҳмин қилинади. Мазкур кон 1993 йилдан бери "Тенгизшевройл" ширкати томонидан ишлатилади. Мазкур ширкат таъсисчилари Chevron, ExxonMobil Kazakhstan Ventures Inc, “КазМунайГаз” миллий компанияси ва LUKArco ширкатларидир.