Афғонистонга гуманитар ёрдам учун ташкил этилган Термиз логистика марказига халқаро хаб мақоми берилди

Афғонистонга Термиз орқали гуманитар ёрдам юк машиналарида етказилади. Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги фотоси.

Президент Шавкат Мирзиёев Афғонистонга гуманитар ёрдам жўнатиш учун ташкил этилган Termez Cargo Center`га халқаро кўп функцияли транспорт-логистика хаби мақомини бериш тўғрисидаги қарорни имзолади.

21 июнь куни имзоланган ПҚ-288-сонли қарорга асосан Termez Cargo Center нафақат Афғонистонга, балки халқаро миқёсда гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро хабга айлантирилди.

Халқаро хабдан фойдаланувчи халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар вакилларига инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш учун зарур шарт-шароитлар яратилади.

Халқаро хаб ҳудудида божхона, солиқ, фитосанитария, ветеринария, транспорт, банк хизматлари, сертификатлаштириш хизматлари, валюта айирбошлаш, мобил алоқа, тиббий ва меҳмонхона хизматлари, автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва бошқа хизматларни “бир дарча” тамойили асосида, шунингдек, интерактив шаклда кўрсатиш жорий этилади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2021 йилнинг октябрида Афғонистонга гуманитар ёрдамни Термиз орқали етказиб бериш қарорини қабул қилгани хабар қилинганди. Шундан сўнг октябрь ойининг охирларида Термизга БМТ учта самолётда инсонпарварлик ёрдамини етказган, аммо Толибон ҳукумати бу юкни Афғонистонга олиб ўтишга рухсат бермаган.

Фақат 2021 йилнинг 15 декабрь куни Толибон ҳукумати рухсати билан Термиз орқали иккита юк машинасида Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрига илк гуманитар ёрдам жўнатилган.

Мазкур марказ орқали Афғонистонга яна гуманитар ёрдам жўнатилгани тўғрисида бошқа маълумотлар очиқ манбаларда мавжуд эмас.

22 июнь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистондаги зилзила оқибатларини бартараф этиш йўналишида Толибон ҳукуматига кўмак беришга тайёрлиги тўғрисида баёнот берди.

Афғонистон шарқидаги Пактика ва Хўст вилоятларида 22 июнга ўтар кечаси юз берган зилзилада, Толибон ҳукумати вакиллари маълумотига кўра, камида 920 киши нобуд бўлган, йўқ деганда 600 киши тан жароҳати олгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.