Ўзбекистонда термитлар ёки бошқа ҳашаротлар туфайли уйи яроқсиз ҳолга келган фуқаролар давлат уй-жой фондидан янги тураржой олиши мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг “Термит ва бошқа ҳашоратлардан зарарланган уй-жойларни аниқлаш ва яшаш учун яроқсиз деб топиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорда ана шу талаб кўзда тутилган.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ, 2025 йил 1 январидан эътиборан туман (шаҳар) ҳокимликлари ташкил этадиган термитлар ва бошқа ҳашаротлар томонидан зарарланган уй-жойларни аниқлаш бўйича комиссиялар томонидан давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали давлат хизмати кўрсатилиши режалаштирилган эди.
My.gov.uz платформаси 29 ноябрь куни мазкур хизмат ишга туширилганини эълон қилган.
Ушбу хизмат ёрдамида My.gov.uz портали орқали тураржой ҳолатини бепул баҳолаш ва тегишли хулоса олиш мумкин. Комиссия тураржойни яшаш учун яроқсиз деб топса, талабгорга уй-жой берилади.
Ҳукумат қарори билан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фанлар академияси билан биргаликда бир ой муддатда термитлар ва бошқа ҳашаротлар томонидан зарарланган уй-жойларни яшаш учун яроқсиз деб топиш учун техник талабларни ишлаб чиқиш топширилган. Икки ой муддат ичида эса норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу ҳужжатга мувофиқлаштириш зарур.
Халқ орасида “сариқ чумоли”, “ваҳмат” каби номлар билан аталадиган термитлар ёғоч ва таркибида целлюлоза бўлган бошқа материаллар билан озиқланадиган зараркунанда ҳашаротлар бўлиб, иншоотлар ва инсон мулки учун жиддий хавф туғдиради.
Аввалроқ Ўзбекистон Фанлар академияси Зоология институти директори Бахтиёр Холматов Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган, ЮНЕСКО муҳофазасидаги “Ичан-Қалъа” тарихий ёдгорлик мажмуасидаги 33 та тарихий обидага зараркунанда ҳашаротлар жиддий зарар етказаётганидан огоҳлантирган эди.
Озодлик бир муддат олдин расмийлар эътиборини Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги уйларга термитлар қирон келтираётганига қаратганди.