БМТ Термиз орқали Афғонистонга илк инсонпарварлик ёрдамини жўнатди

Октябрнинг ўрталарида БМТ Афғонистонга гуманитар ёрдамни Ўзбекистон орқали етказиб бериши хабар қилинган эди. Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги фотоси.

Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги 15 декабрь куни Термиз орқали иккита юк машинасида Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрига илк гуманитар ёрдамни жўнатди.

Инсонпарварлик ёрдами Сурхондарё вилоятида ташкил этилган Termez Cargo Centreдан юкланиб, қўшни давлатга олиб чиқилди. Termez Cargo Centre Ўзбекистон – Афғонистон чегарасидан икки километр узоқликда жойлашган.

Афғонистонга юборилган дастлабки қирқ тоннага яқин гуманитар юк ошхона анжомлари, пластмасса қоплама ва бошқа зарур ҳаётий нарсалардан иборат.

Октябрнинг ўрталарида БМТ Афғонистонга гуманитар ёрдамни Ўзбекистон орқали етказиб бериши хабар қилинган эди. Ўшанда Termez Cargo Centre логистика марказига 100 тонналик инсонпарварлик ёрдами олиб келинган, бу ёрдам юк машиналарида Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрига ташилиши керак эди.

Аммо 28 октябрда Толибон ҳаракати шакллантирган ҳукумат БМТнинг Термиздаги инсонпарварлик ёрдамини Афғонистонга олиб киришга ҳозирча рухсат бермагани хабар қилинган эди.