Тошкент вилоятида “Катиба Тавҳид вал-Жиҳод”нинг яширин жамоати қўлга олингани иддао қилинди

Иллюстратив сурат.

Тошкент вилоятининг Тошкент туманида Суриядаги “Катиба Тавҳид вал-Жиҳод” террор ташкилотининг Ўзбекистондаги яширин жамоати аъзолари қўлга олингани тўғрисида вилоят Ички ишлар бош бошқармаси 23 ноябрь куни хабар берди.

Тошкент вилоят Ички ишлар бош бошқармасининг билдиришича, тезкор тадбир давомида гуруҳ аъзолари “Катиба Тавҳид вал-Жиҳод”нинг ғоявий раҳнамолари Абдуллоҳ Зуфар ва Содиқ Самарқандийнинг “аудио ва видео маърузаларини тарқатган ҳамда сафларини кенгайтириш билан шуғулланган”.

Сўнгги бир неча ой ичида Ички ишлар вазирлиги мамлакатнинг турли ҳудудларида ўнлаб киши террор ва экстремист ташкилотларга аъзоликда гумонланиб қўлга олинганини билдирди. Жумладан, Сирдарё вилоятида 9 ноябрь куни ДХХ ва ИИВ маҳаллий бўлинмалари ўтказган тезкор тадбир давомида террорчи гуруҳ аъзолари қўлга олингани хабар қилинди. Аммо вазирлик террорчи гуруҳ номини ҳам, қанча киши ушланганини ҳам жамоатчиликка ошкор қилмади.

31 октябрь куни ДХХ матбуот хизмати Деҳқонобод туманида “Жиҳодчилик” оқимига мансуб 12 киши қўлга олингани тўғрисида расман хабар берганди.

Гуруҳ таркибида маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ўрта мактаб ўқитувчиси, масжид имом-ноиби, якка тартибдаги тадбиркор ҳамда мавсумий ишчилар борлиги айтилган эди.

Аммо орадан бир кун ўтиб Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ДХХ хабарини инкор қилган, қўлга олинганлар орасида имом ва маҳалла раиси бўлмаганини билдирган.