“Тестга телефон олиб кириш 20 минг долларга тушди”

Ўзбекистон олий ўқув юртларига 1 август куни бўлиб ўтган бу йилги тест синовларида¸ Бош вазир топшириғи билан айрим олийгоҳларда биринчи марта видеокамералар жорий қилинди. Камера ўрнатган институтлардан бирининг Озодлик гаплашган масъули¸ бу тажриба “жуда яхши натижа бергани” ва келаси йилларда камералар сонини кўпайтириш маъқуллигини билдирди. Айни пайтда¸ Давлат тест маркази расмийси¸ бундай ташаббуснинг марказга алоқаси йўқлигини билдирди.

“Жонли видеокузатув жуда яхши натижа берди”

Самарқанд Архитектура ва қурилиш институти 1 август кунги тест синовлари бўлиб ўтган аудиториялардан фақат биттасига видеокамера ўрнатди ва абитуриентларнинг ташқарида қолган яқинларига бу жараëнни жонли тарзда кузатиш имконини берди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ўзбекистонда тест синовлари: ошкора ҳийлалар

Институт қабул комиссияси вакилининг Озодликка айтишича¸ бу тажриба яхши қабул қилинган ва турли қонунбузарликлар олдини олишда “жуда яхши натижа берган”.

“Бош вазиримиз шундай топшириқ берган эди шу йил. Биринчи марта бўлиши. Ҳар бир институт¸ имкон даражасида¸ хотя биттадан қўйинглар¸ деди. Бу йил биз битта қўйиб кўрдик¸ жуда яхши натижа берди. Янаги йил кўпайтириш ниятидамиз. Камера охирги бола чиққунча ишлаб турди. Назоратчилар қонунбузарларни¸ телефон ишлатганларни акт тузиб¸ чиқариб юборди¸ ҳамма кўриб турди. Бошқа институтлар ҳам битта-иккита қўйган бўлиши керак. Лекин мен ўзимизникини биламан”¸ деди Самарқанд архитектура ва қурилиш институти масъули.

Ушбу институт жамоатчилик учун тақдим қилган жонли видеокузатув жараëнини кўрганлардан айримлари¸ камера ўрнатилган хонада очиқчасига мобил телефон ва шпаргалка ишлатган абитуриентларнинг синовдан чиқариб юборилганини савол остига олди.

“Мен томоша қилиб турдим. Телефон ишлатганни ҳам¸ назоратчининг кимгадир ëрдам берганини ҳам ташқаридагилар кўриб турди. Лекин синов охиригача бу болаларни ҳеч ким аудиториядан чиқаргани йўқ¸ улар ҳам тест топшириб чиқишди”¸ деди самарқандликлардан бири.

Озодлик ҳозирча на институт расмийси ва на оддий кузатувчи айтган баëнотни мустақил тасдиқлаш имконига эга эмас.

Давлат тест маркази аудиторияларга видеокамера ўрнатиш истиқболига ишонмайди

2 август куни Давлат тест марказининг Озодлик суҳбатлашган расмийси¸ Бош вазирнинг Самарқанд архитектура ва қурилиш институти вакили айтган топшириғидан хабари йўқлигини айтди.

“Бу гапни биринчи сиздан эшитаяпман. Камералар фақат киришда бўлди¸ хоналарга қўйишга ҳеч кимнинг имконияти етмайди. Биласизми¸ кечаги тест 20 мингта аудиторияда бўлди¸ бунча хонага камера қўйишнинг иложи йўқ. ДТМдан бундай ташаббус чиққани йўқ¸ инсон ҳақлари деган нарса бор¸ норматив актлар бор¸ уларда камера қўйилсин¸ деган жойи йўқ. Бунақа ташаббусни ким чиқарган бўлса¸ протоколлари билан¸ баëнномаси билан айтсин.

Одамлар тест билан боғлиқ ҳамма нарсани Тест маркази ҳал қилади¸ деб ўйлайди. ДТМ тест синовларини ўтказиш учун аудиторияларга материаллар етказиб беради ва қабул қилади. Ташкиллаштиришни Давлат комиссияси тасдиқлайди¸ унга бошқа одамлар жалб қилинади. Аудитория кузатувчилари дейди¸ уларни маҳаллий давлат ҳокимияти тавсия қилади ва тайëрлайди”¸ деди ДТМ мутахассиси.

“Телефон ишлатиш бизга 20 минг долларга тушди”

1 август куни тест синовларига кирган Тошкент Юридик институти абитуриентларидан бирининг яқинлари 2 август куни Озодликка боғланиб¸ ўзларининг каттагина фирибгарлик қурбони бўлганини билдиришди.

“Акамнинг ўғли бу йил Тошкент Юридик институтига ҳужжат топширди. Ишончли одамлар орқали акам институтда ишлайдиган домлалардан бирига чиқти¸ 30 минг доллар сўради. 20 минггини тестгача берасиз¸ қолган 10 мингини киргандан кейин¸ деди. 100 фоиз гарантия бераман¸ деди. 20 мингни обориб беришди¸ ҳамма ака-укалар йиғиб бердик. Пулни олган одам¸ ҳаммасини тушунтирипти. “Тест бўладиган бинога кирганингдан кейин¸ фалон жойга бориб¸ фалон жойда бекитилган телефонни оласан. Кейин сенга Х вариантни ташлаймиз¸ шуни кўчириб чиқасан¸ бўлди”¸ депти. Жияним кириб¸ айтилган жойдан телефонни олган¸ аудиторияга кириб¸ телефонни очиши билан уни босишипти. Далолатнома қилиб¸ чиқариб юборишди¸ тамом-вассалом. Энди акам у одамдан пулни қайтариб беришни сўраса¸ менда айб йўқ¸ ҳаммасини қилдим¸ ўғлинг ўзи тузук ишлата олмаган деб¸ 20 минг долларни бермоқчи эмас. Бу пулнинг қайтишидан¸ қайтмаслиги аниқ энди. Билсак¸ яна беш-олтита болани худди шундай қилиб чиқариб юборишипти¸ улар ҳам пулига куйган. Каттагина мошенниклар қўлига тушиб¸ куйиб ўтирибмиз энди”¸ дейди Озодлик суҳбатлашган абитуриентлардан бирининг яқини.

Озодликнинг 1 август кунги тест синовларида телефон ва шпаргалка билан қанча абитуриент қўлга тушганию¸ уларга қандай чора кўрилгани ҳақидаги саволига тўхталган Давлат тест маркази расмийси¸ аввалига “телефон ва шпаргалка деган нарсалар аудиторияга умуман киритилмайди” деган гапда қатъий туришга уринди.

Аммо оддий ўзбекистонликларнинг бу ҳақда Озодликка юборган ҳикояларидан айримларини эшитгач марказ расмийси¸ қонунбузарликка оид маълумот аниқлик талаб қилиши ва бутун республика бўйлаб бундай статистикани йиғиш учун бир-икки ҳафта вақт керак бўлишини эътироф этди.

“Аудиториядаги холисликни аудитория раҳбари ва кузатувчи таъминлайди¸ биз эмас. Телефон¸ шпаргалка ва бошқа қонунбузарлик қилганларни улар аниқлаб¸ далолатнома тузиб¸ чиқариб юборади. Ҳозирча кечаги тестдан қанча боланинг чиқариб юборилгани ҳақида маълумот йўқ бизда¸ бу рақамлар Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул бўйича Давлат комиссиясига берилади. Бу комиссия раиси Бош вазир Шавкат Мирзиëев бўлади. Аниқ рақамлар бизга бирор ҳафтада келиши мумкин. Тест натижалари ҳам Бош вазир тасдиқлаганидан кейин эълон қилинади”¸ деди Давлат тест марказининг Озодлик билан суҳбатда ўзини таништирмаган расмийси.