ТИВ раҳбари БМТ махсус маърузачиси билан ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди

Ташқи ишлар вазири А. Комилов БМТ махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн билан, Тошкент, 2021 йил 29 ноябри (ТИВ фотоси)

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 29 ноябрь куни БМТнинг террорчиликка қарши курашиш шароитида инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, асосий эркинликларини илгари суриш бўйича махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн билан учрашди.

ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашувда томонлар Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ихтисослашган тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлигининг долзарб масалаларини муҳокама қилишган.

“БМТ махсус маърузачиси мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, бошқа давлатларда оғир аҳволга тушиб қолган шахсларга самарали ёрдам кўрсатиш, жумладан, Яқин Шарқдаги уруш ҳудудларидан одамларни, айниқса, аёллар ва болаларни ватанга қайтариш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Учрашувда Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашилган ва афғон халқига тезкор инсонпарварлик ёрдам кўрсатиш зарурлиги ҳақида фикр билдирилган.

БМТ махсус маърузачисининг Тошкентда қатор вазирлик ва идораларда учрашувлар ўтказиши ҳамда вилоятларга сафар қилиши айтилмоқда.