ТИВ: Туркиядаги зилзила содир бўлган ҳудудда бир ўзбекистонлик нобуд бўлди

Малатя вилоятида вайрон бщлган уйлардан бири, 2023 йил 6 феврали

Туркиянинг Малатя вилоятида зилзила оқибатида ўзбекистонлик бир фуқаро ҳалок бўлган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

ТИВ қайдича, 7 февраль соат 10.00 (Тошкент вақти) ҳолатига кўра, зилзила ҳудудидаги тўрт нафар ўзбекистонлик бедарак йўқолган.

Уларни топиш бўйича тезкор қидирув-қутқарув ишлари амалга оширилмоқда”, дейилган хабарномада айни пайтда Туркиядаги зилзила оқибатида зарар кўрган ўзбекистонликларга тегишли ёрдам кўрсатиш ва уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш мақсадида Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги элчихонаси қошида 24 соат фаолият юритадиган штаб ташкил этилгани билдирилган.

Хабарномада президент Мирзиёев топшириғига мувофиқ Туркиядаги зилзила оқибатларини бартараф этиш мақсадида сафарбар этилган Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари Ҳатай вилоятининг Овакент қишлоғида қидирув-қутқарув ишларини бошлагани, бу ҳудудда асосан 10 мингдан ортиқ этник ўзбеклар истиқомат қилиши қўшимча қилинган.

Сўнгги маълумотларга кўра, 6 февраль куни Туркия жануби-шарқида рўй берган зилзилалар натижасида қурбонлар сони 3 минг 381 нафарга етган, 20 минг 426 киши жароҳатланган, 5 минг 775 тураржой биноси вайрон бўлган.