Тожик-қирғиз чегарасидаги отишмада тожикистонлик бир чегарачи ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат

Тожикистон билан Қирғизистон ўртасидаги чегарада 14 сентябрь тонгида содир бўлган отишмада тожикистонлик бир нафар чегарачи ҳалок бўлган, яна икки нафари тан жароҳати олган. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизмати ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди. Чегарадаги қурбонга оид хабар Reuters агентлиги томонидан ҳам тасдиқланган.

Тожикистон Чегара хизмати содир бўлган воқеа юзасидан тарқатган расмий изоҳида отишмада жабрланганлар тўғрисида маълумот берган эмас. Қирғизистон Чегара хизмати эса отишма чоғида икки чегарачи яраланганини билдирган.

Чоршанба куни эрталаб Қирғизистоннинг Боткен ва Тожикистоннинг Сўғд вилоятлари чегарасида икки мамлакат чегарачилари ўртасида отишма чиққани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.

Қирғизистон Чегара хизмати маълумотига кўра, айни пайтда отишма тинган, бироқ чегарадаги вазият таранглигича қолмоқда.