Тожикистон аҳолиси сони 10 миллион кишига етди

Тожикистоннинг 10 миллионинчи фуқароси онаси билан.

Тожикистон аҳолиси сони 10 миллион кишига етгани тўғрисида “Ховар” миллий ахборот агентлиги маълум қилди. Хабарда айтилишича, 10 миллионинчи тожикистонлик 23 июлда Душанбе шаҳрида туғилди. Ота-онаси унга Фирдавс деб исм қўйди. Шифокорлар чақалоқнинг саломатлиги яхши эканини билдиришди.

Чақалоқнинг отаси меҳнат муҳожири, онаси эса уй бекаси. Тожикистон ҳукумати бу оилага Душанбе шаҳридаги кўп қаватли домлардан биридан уч хонали уй совға қилди.

Расмий статистиканинг қайд этишича, Тожикистон аҳолисининг 50,7 фоизини эркаклар, 49,3 фоизини аёллар ташкил қилади.Тожикистонда 2020 йилда ўтган аҳолини рўйхатга олиш жараёнида аҳоли сони 9 миллион 661 минг киши экани аниқланган.

Тожикистон МДҲда аҳоли сони ўсиши бўйича биринчи ўринда. Марказий Осиёда эса аҳоли сони бўйича Ўзбекистон ва Қозоғистондан кейинги учинчи ўринни эгалламоқда. 2030 йилга келиб Тожикистон аҳолиси сони 11 миллион кишига етиши таҳмин қилинмоқда.