Қирғиз-тожик чегарасидаги тошбўрон оқибатида икки киши жароҳатланди

Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги қишлоқлардан бири.

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида вазият тинч. Бу ҳақда Озодлик радиоси қирғиз хизматига 5 декабрь куни Боткен туман ҳокими Учқунбек Жўрўбаев маълум қилди.

3 декабрь куни қирғиз-тожик чегарасида икки томон фуқаролари ўртасида низо юз берган эди. Жанжал ўзаро тошбўронга айланиб кетган. Бунинг оқибатида Қирғизистоннинг бир нафар ва Тожикистоннинг бир нафар фуқароси тан жароҳатлари олгани, улар касалхонага олиб борилгани хабар қилинган.

Қирғизистон Чегара хизматининг билдиришича, бу воқеа Тожикистоннинг Сомонион қишлоғи ва Қирғизистоннинг Дахма қишлоғи чегарасида юз берганини билдирди. Расман хабар қилинишича, тошбўрон икки давлат фуқароларининг ўзаро даҳанаки жангидан келиб чиққан.

Ҳозирча Тожикистон расмийлари чегарадаги сўнгги можаро тафсилотлари ҳақида расмий баёнот бермаган. Озодлик радиосининг тожик хизмати (“Озоди” радиоси) Тожикистоннинг Сомонион қишлоғи яшовчиларига таяниб, “Қирғизистон томондан тожикистонлик фуқарога тош отилгани”, қишлоқ яшовчиси калтаклангани, кейин эса кичик жанжал чиқанини хабар қилди.

Қирғизистоннинг Кўктош қишлоғида яшовчи Жамол исимли фуқаро Озодлик радиоси қирғиз хизматига можарони тожикистонликлар бошлаганини айтган. Унга кўра, тошбўронда Тожикистон томонидан камида 40 киши иштирок этган. Жамол Қирғизистон томонидан қанча одам бўлгани тўғрисида аниқ маълумот айтмаган.

Воқеа гувоҳи бўлган Жамол тошбўрон бошланган пайтда ҳавога қарата ўқ отилганини, лекин ким ўқ узганини билмаслигини ҳам таъкидлаган.

Озодлик радиоси тожик хизмати манбаси эса “қирғиз томони аскарлари осмонга қарата ўқ узган”ини айтган.
Қирғизистон Чегара хизмати эса чегарачилар эмас, Қирғизистон фуқароси ов милтиғидан ҳавога қарата ўқ узганини маълум қилди.

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида содир бўлган сўнгги воқеа муносабати билан 3 декабрь куни Боткен туманининг Дахма участкасида икки давлат чегара вакиллари учрашди.

Қирғизистон Давлат чегара хизмати хабарига кўра, йиғилишда Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳудудий бошқармалари раҳбарлари ҳам иштирок этган.

Сўнгги бир йилдан бери Тожикистон-Қирғизистон чегараси Марказий Осиёдаги энг низоли ҳудудлардан бирига айланди.
Жорий йилнинг 14-16 сентябрь кунлари Қирғизистон-Тожикистон чегарасида юз берган навбатдаги отишмаларда Қирғизистоннинг 63 нафар фуқароси ҳалок бўлди.

Расмий Бишкек буни Тожикистоннинг “қуролли ҳужуми ва тажовуз”и сифатида баҳолади ва буни тасдиқловчи ҳужжатлар борлигини маълум қилди. Душанбе эса айбни Қирғизистон томонига юклаган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги жорий йилда чегарадаги можароларда 41 фуқаро ҳалок бўлгани ва 200 га яқин фуқаро жароҳатлангани ҳақида хабар берди. “Озоди” радиоси ўз манбаларига таяниб, 74 киши рўйхатни эълон қилган. Бироқ, маълумотни бошқа мустақил манбалардан текширишнинг иложи бўлмади.

2021 йилнинг апрель ойи охирларида “Головной” сув тақсимлаш объекти жойлашган ҳудуд учун жанжалдан келиб чиққан бир неча кунлик қуролли тўқнашув оқибатида қирғиз томонидан 36 киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлди, 154 киши яраланди. Тожикистон ҳукумати эса расман 19 нафар қурбон ва 87 нафар ярадор ҳақида хабар берган.

Расман билдирилишича, сўнгги 10 йилда Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида 144 низо содир этилган. Уларда ҳар икки тарафда 200 дан ортиқ киши ҳалок бўлди.

Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги 970 километрлик чегаранинг деярли ярми аниқланмаган ва белгиланмаган ва шу сабаб чегаранинг икки томонида яшовчилар ўртасида сув, ер ва яйлов учун можаро кўп келиб чиқади.