Қирғизистон 50 нафар қирғизни бадарға қилган Тожикистонга норозилик нотасини топширди

Қирғизистон ва Тожикистон давлат байроқлари.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Тожикистондан 50 нафар Қирғизистон фуқароси бадарға қилингани ортидан Душанбега норозилик нотасини топширди.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, бадарға қилинган шахсларнинг Тожикистонда ота-онаси, оила аъзолари ва яқинлари бор. Қирғизистонликларнинг бадарға қилиниши ортидан уларнинг Тожикистондаги оила аъзолари ва кекса ота-оналари қаровсиз қолиши мумкин.

Бишкек Душанбега бу масалани дўстона муносабат ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан келиб чиққан ҳолда ҳал этишни таклиф қилди.

Аввалроқ Қирғизистон Чегара хизмати Тожикистон сабабларини айтмаган ҳолда 2 январь куни 47 нафар, 4 январь куни 3 нафар қирғиз фуқаросини ўз ҳудудидан бадарға қилгани ҳақида хабар берган эди.

Бадарға қилинганларнинг барчаси Тожикистоннинг асосан этник қирғизлар яшайдиган Жерғатол туманида туғилиб-ўсган ва кейинчалик Қирғизистон фуқаролигини олган шахслардир.

Тожикистон ҳукумати ҳозирча мазкур баёнот юзасидан муносабат билдирмади.