Тожикистон президентининг қуролли ҳужумда иштирок этган қариндоши қамоқдан қутулиб қолди

Данғара туманининг маъмурий маркази бўлган Хуррамшаҳр

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг яқин қариндоши суд ҳукми билан жаримага тортилди, муштлашувда иштирок этиб, жабрланувчиларга оғир тан жароҳати етказганликда айбланган бошқа кишиларнинг айримлари эса озодликдан маҳрум этилди. Бу одамлар шу йил май ойида пичоқ билан қуролланган ҳолда ҳужумда иштирок этганлари учун жавобгарликка тортилганлар.

Озодлик тожик хизматининг Данғара туман судидаги манбаси шахси сир тутилиши шарти билан мазкур иш бўйича ҳукм июль ойи охирида чиқарилганини маълум қилган. Бироқ ҳукмга оид тафсилотлар шу кунга келиб ойдинлашган.

Тожикистон президентининг хотини Азизмо Асадуллоеванинг 35 ёшли жияни Амриддин Нахшов ҳамда яна тўққиз киши Данғара шаҳри марказида май ойида содир бўлган муштлашувда иштирок этганлари учун суд томонидан айбдор, деб топилган. Манбага кўра, Нахшов ва тўрт судланувчига 60 минг сомоний (5250 АҚШ доллари) миқдорида жарима тайин қилинган, беш киши эса уч йилдан беш йилгача қамоқ жазоси олган.

“Нахш” олтин қазиб олиш ширкати бош директори Нахшов ва унинг шериклари “Мину Фарм” ширкати ишчиларига ҳужумда айбланганлар. Милиция маълумотига кўра, ҳужум оқибатида “Мину Фарм”нинг 10 нафар ходими оғир жароҳат олган.