Тожикистон парламенти Россия билан ҳамкорликда ҳаводан мудофаа битими лойиҳасини тасдиқлади

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Тожикистон мудофаа вазири Шерали Мирзонинг Москвадаги учрашуви. 2016 йилнинг 30 ноябри.

Тожикистон парламенти 8 декабрь Россия билан ҳамкорликда ҳаводан мудофаа умумий тизимини ташкил этиш тўғрисидаги битим лойиҳасини тасдиқлади. Мазкур лойиҳа парламентга Тожикистон Мудофаа вазирлиги томонидан тақдим этилган эди.

Мудофаа вазири Шерали Мирзо парламентда қилган чиқишида, мазкур битим “турли террорчи ва экстремистик гуруҳлар учувчисиз бошқариладиган учувчи аппаратлардан фаол фойдаланаётган бир пайтда Тожикистон хавфсизлиги учун муҳим аҳамият касб этади”, деб айтди.

2021 йилнинг май ойида Россия ҳукумати Тожикистон билан умумий ҳаводан мудофаа тизимини шакллантириш лойиҳасини қабул қилган эди. Шундан сўнг президент Владимир Путин ҳукуматга Тожикистон билан тегишли битимни имзолаш тўғрисида кўрсатма берган.

Айрим экспертлар мазкур битим ортидан Душанбе Москвага ўз ҳаво ҳудудини назорат қилиш ҳуқуқини бериб қўйишидан ҳавотир билдирмоқда. Экспертларнинг яна бир гуруҳи эса бу битимни қўллаб-қувватламоқда.