Турмадаги исёнда ўлдирилган маҳбуслар милиция назорати остида кўмилмоқда

23 яшар Баҳромнинг онаси Руқия Исмоилова (ўртада) 12 ноябрь куни ўғлининг тобутини очишга рухсат беришмаганини айтди.

Тожикистоннинг Хўжанд шаҳридаги колонияда кўтарилган исёнда ҳалок бўлганлар жасадлари милиция назорати остида шошма-шошарлик билан кўмилмоқда. Айрим ҳолатларда полиция ходимлари ҳалок бўлганларнинг жасадларини уларнинг оила аъзоларига кўрсатмай кўмган.

Ўлдирилган маҳкумлардан бири, 23 яшар Баҳром Исмоиловнинг онаси Руқия Исмоилова 12 ноябрь куни ўғлининг тобутини очишга рухсат беришмаганини Озодлик радиоси тожик хизматига (Озоди радиоси) сўзлаб берди.

Исмоилованинг айтишича, унинг ўғли Баҳром 3 йил олдин экстремизмда айбдор деб топилиб, 12 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

- Офицерлар жасадни тез ёрдам машинасида олиб келиб, кўмишди. Қабрга яқинлашишга ҳеч кимга рухсат беришмади, - деди Исмоилова.

Сўғд вилояти маъмурий маркази Хўжанд шаҳрида жойлашган қаттиқ режимли колонияда 7 ноябрь оқшомида кўтарилган исён давомида камида 50 киши ўлган. Воқеа пайтида неча киши яралангани ҳозирча номаълум. Колония назоратчиларидан 6 нафари оғир аҳволда касалхонага ётқизилган.

Ҳодисадан бери бир ҳафта ўтган бўлса-да, Тожикистон расмийлари оммавий ахборот воситаларининг колонияда кўтарилган исён тўғрисидаги хабарларини изоҳлагани йўқ.

Хабарларга кўра, 750 маҳбусга мўлжалланган колонияда 800 нафар маҳбус бўлган. Тожикистон Хавфсизлик хизмати ходимлари исмларини ошкор қилмаслик шарти билан маҳбусларнинг аксари терроризм ҳамда экстремизм билан боғлиқ жиноятларда, қотиллик, гиёҳванд модда савдоси ҳамда бошқа жиддий жиноятларда айбдор деб топилганини айтишди.

Исён давомида ҳалок бўлганлар ва жароҳат олганлар сони ҳақида расмий маълумот эълон қилинмагани учун маҳбусларнинг оила аъзолари уларнинг ўлик-тириклиги ҳақида бирор хабар топишга жон куйдирмоқдалар.

Исён ортидан колонияга ҳеч ким киритилмаяпти. Маҳбусларнинг тақдирини билиш учун расмийлар билан алоқага чиқиш уринишлари натижа бермаяпти.

Маҳбуслардан бирининг онаси Озодлик радиоси билан суҳбатда:

- Ўғлим ҳақида сўраш учун кўплаб расмийга чалдим. Ёки жавоб беришмайди, ёки ҳеч қандай маълумот йўқ дейишади, - деди.

Исфара шаҳрида Масуда Содиқова ўғли Фарҳоднинг тақдиридан хавотирда:

- Қаттиқ хавотирдамиз. Кечалари ухлай олмаяпман. Қамоқхонада исён кўтарилганинигина биламиз. Кимга мурожаат қилишни билмаймиз.

Колониянинг жароҳат олган соқчиларининг қариндошларига Хўжанд вилоят шифохонасида даволанаётган яқинларидан хабар олишга изн берилган.

Шифохона расмийлари ушбу ҳолатни ҳали изоҳлаганларича йўқ. Озодлик радиоси манбалари соқчиларнинг аҳволи оғир эканлигини, аммо уларнинг ҳаётига таҳдид йўқлигини маълум қилишди.

Жароҳатланган назоратчилар орасида Сўғд вилояти турғуни Хайрулло Абдуллоевнинг ҳам ўғли бор. Шифохонага бориб ўғлидан хабар олган Абдуллоев соқчиларнинг аксари бошидан лат еганини айтди.

- Ўғлимни қуруқ қўл билан муштлашмаган. Маҳбуслар бирданига чироқларни ўчириб, соқчиларнинг бошига ғишт ва бошқа нарсалар билан уришганини айтишди. Ўғлимнинг саккиз ёки тўққиз тиши синган. Бетини тикишибди. Бошида ва юзида лат емаган жой йўқ.​ - деди Абдуллоев.

Унинг сўзларига кўра, ўғли айрим маҳбуслар қамоқхона назоратчиларига ёрдам беришга ҳаракат қилганини айтган.

Ҳалок бўлган икки соқчи – 27 ёшдаги Эҳсон Ёқубов ҳамда 42 га тўлган Мирсаид Қодировлар ўз қишлоқларида 8 ноябрь куни дафн қилинган.

Исфарада эса ўғирлик учун 15 йилга қамалган 21 ёшли Ҳожиисмоилхон Баҳоваддиновни кўмишди.

Баҳоваддиновнинг қариндошлари унинг жасадини кўра олишмаганини айтишди. Баҳоваддинов қай йўсинда ҳалок бўлгани уларга қоронғи.

Ҳуқуқ-тартибот органларига яқин манбаларнинг Озодлик радиосига маълум қилишича, расмийлар исённи тергов қилиш учун махсус комиссия тузган. Уларнинг сўзларига кўра, комиссия аъзолари орасида фуқаровий жамият вакиллари ёки халқаро назоратчилар ёқ.

“Ислом давлати” террор гуруҳини исён ўзнинг “аскарларидан бири” томонидан амалга оширилганини иддао қилди. Аммо мутахассисларнинг сўзларига кўра, бу ҳақиқатдан йироқдир.