Тожикистонда “Мусулмон биродарлар”га алоқадор 100 дан зиёд одам қамалди

Тожикистон Олий суди шу йил 9 апрелида “Мусулмон биродарлар” (Иҳвонул-муслимийн) ташкилотига алоқадорликда айбланган 119 киши устидан ҳукм чиқарган. Бу ҳақда “Азия-Плюс” агентлиги ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилган. Бу хабарни тасдиқлаоган Олий суд маҳкама тафсилотларига оид маълумотларни кейинроқ тақдим этишни ваъда қилган.

Қайд этилишича, суд ҳукми билан 117 нафар киши 5 йилдан 23 йилгача озодликдан маҳрум қилинган, судланувчилардан яна икки нафарига жарима солинган. Суд Тожикистон миллий университетида дарс бериб келган мисрлик Муҳаммад Баюмийга 23 йиллик қамоқ жазоси тайин этган. Тергов тахминига кўра, Баюмий гуруҳ раҳбари бўлган.

Мазкур университетда дарс берган яна бир мисрлик ўқитувчи 7 йилга қамалган. Руҳоний Исмоил Қаҳҳоров 15 йилга озодликдан маҳрум этилган. Қолган айбланувчиларга 5 йилдан қамоқ жазоси берилган бўлиб, улар орасида Тожикистон ОТМларининг талабалари ва ўқитувчилар ҳамда қатор давлат идоралари ходимлари бор.

Ўтган йил бошида Тожикистонда “Мусулмон биродарлар” ташкилотига алоқадорликда гумонланганлар ёппасига тутиб кетилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган, бироқ расмийлар бу маълумотни орадан бир ой ўтганидан кейингина тасдиқлагандилар. Ўша пайтда мамлакат Бош прокуратураси мазкур ташкилотнинг мақсади “ҳокимиятни куч билан ағдариш ва у ёки бу мамлакатда исломий давлат барпо этиш” эканини билдирган.

Мазкур иш бўйича маҳкама жараёни 2020 йил июлида бошланган ва ёпиқ эшиклар ортида ўтган. “Мусулмон биродарлар” ташкилоти Тожикистон Олий судининг 2006 йилдаги қарори билан мамлакатда тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.