Тожикистонда таниқли ҳуқуқ фаоли 9 йилга қамалди

Иззат Амон

Душанбе суди товламачиликда айбланган таниқли ҳуқуқбон Иззат Амонни 9 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Ҳукм 19 октябрь куни эълон қилинганини билдирган адвокат Сайбурхон Шарифов Озодликнинг тожик хизматига суд ҳукмини “ноқонуний” деб ҳисоблашини айтган. И. Амоннинг адвокати ўз мижози Тожикистон мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан эълон қилинмиш амнистияга тушиши мумкинлигини қўшимча қилган. Шу билан бирга, адвокат суд ҳукми устидан аппеляция тартибида шикоят аризаси киритилишини маълум қилган.

Иззат Амон кўп йиллар мобайнида Москвадаги тожиклар марказига раҳбарлик қилган. У Россия фуқаролигидан маҳрум қилиниб, шу йил 25 мартида ҳуқуқ фаолини молиявий фирибгарликда айблаётган тожик расмийлари талабига кўра Россиядан бадарға қилинган. И. Амоннинг яқинлари ва тарафдорлари мазкур айбловни рад этишиб, ҳуқуқбон сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилинаётганини иддао қилишган.

Иззат Амон раҳбар бўлган нотижорат ташкилоти Москвада меҳнат муҳожирларига иш топиш, иш ва яшаш учун рухсатнома олишга кўмаклашиб келган ҳамда ҳуқуқий маслаҳатлар бериш билан шуғулланган.