Тожикистонга Афғонистондан яна мингдан зиёд ҳукумат аскари қочиб ўтди

Жорий йилнинг 4 июлидан 5 июлига ўтар кечаси “Толибон” ҳаракати жангарилари Афғонистоннинг Бадахшон вилоятига қарашли уезды Хохон, Шикай, Нусай, Моҳимай, Шугнон ва Султон Ишкашим уездларини эгаллаб олишган. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизмати хабар қилди.

Тожикистон Республикаси МХДҚ Чегара қўшинлари матбуот маркази маълумотига кўра, толиблар билан қуролли тўқнашувлар чоғида Афғонистон ҳукумат қўшинларининг 1 минг 37 нафар аскари тожик-афғон давлат чегарасини кесиб ўтган ва Тожикистон ҳудудига яширинган.

Тожикистон билан Афғонистон ўртасидаги чегара Бадахшон йўналиши бўйлаб 910 километрга узанган.

Аввалроқ Тожикистон Чегара қўшинлари 4 июль оқшомида “Толибон” ҳаракатига мансуб қуролли гуруҳ Афғонистоннинг Бадахшон вилоятига қарашли Хохон уездини жангсиз ишғол қилганини маълум қилганди. Қайд этилишича, шу муносабат билан “Афғонистон қуролли кучларининг 94 нафар ҳарбий хизматчиси ўз жонларини қутқариш мақсадида Шамсиддин Шохин (собиқ Шўрообод) туманидаги “Шохон” участкасида давлат чегарасини кесиб ўтиб, Тожикистон ҳудудига киришган.

Ушбу туман Бадахшон вилоятининг Хохон уезди қаршисида жойлашган бўлиб, уларни катта кўприк боғлаб туради.

Бу сўнгги бир ойда афғон аскарларининг толиблардан қочиб Афғонистон чегарасини бешинчи бор кесиб ўтишидир.

“Тожикистон Республикаси чегарачилари, инсонпарварлик ва яхши қўшничилик тамойилларига амал қилган ҳолда, Афғонистон ҳукумати қўшинларининг чекинаётган ҳарбий хизматчилари Тожикистон ҳудудига ўтишига рухсат беришди”, дейилган чегара қўшинлари хабарномасида.

Чегарачилар “давлат чегарасининг мазкур участкасида оғир вазият юзага келганини ҳисобга олганда, Афғонистон Ислом Республикаси ҳукумат қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг Тожикистон ҳудудига кириши давом этиши эҳтимоли мавжуд”лигини истисно қилишмаган.

Афғонистон билан чегарадаги вазият тожик ҳукуматини жиддий хавотирга солмоқда. Президент Имомали Раҳмон 4 июль куни Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғани билан телефон орқали мулоқоти чоғида унга афғон аскарларининг тожик давлат чегарасини мажбуран кесиб ўтишига доир янги ҳолатлар ҳақида маълумот берган.

Давлат раҳбарининг матбуот хизматига кўра, “шу билан бирга, Тожикистоннинг Афғонистон ички ишларига аралашмаслик ва расмий ҳукуматнинг мамлакатда тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатларини ҳар томонлама дастаклашда ифодаланган позицияси ўзгармаслиги таъкидланган”.