Қирғизистонда чегарадан ноқонуний ўтган 11 тожикистонлик ушланди

Иллюстратив сурат.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати 13 май куни Сулукта шаҳрида чегарани ноқонуний равишда кесиб ўтиб, маҳаллий кўмир омборида ишлаётган 11 нафар тожикистонлик ушланганини билдирди.

Қўлга олинганларнинг барчаси Сўғд вилояти Жаббор Расулов туманидаги Қўрғонча қишлоғида истиқомат қилувчилардир. Миллий хавфсизлик хизмати улар Қирғизистонда ҳеч қандай рухсатномага эга бўлмаган ҳолда ноқонуний равишда ишлаганларини ҳам таъкидлаган.

Тожикистон фуқароларига нисбатан “Чегарадан ноқонуний ўтиш” моддаси асосида жиноят иши қўзғатилди ва иш судга юборилди. Уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

2021 йили Тожикистоннинг Сўғд вилоятида 39 қирғизистонлик чегарадан ноқонуний ўтиш айблови билан судланган эди.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар 2021 йилнинг апрель ойи охирларидаги қонли тўқнашувлардан сўнг ёмонлашган.
Бир неча кун давом этган қуролли тўқнашув оқибатида қирғиз томонидан 154 киши яраланди, 36 киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлди. Тожикистон ҳукумати эса расман 19 нафар қурбон ва 87 нафар ярадор ҳақида хабар берган.