Ўзбекистон “Қўштепа” канали юзасидан Толибон билан музокара ўтказиши билдирилди

Афғонистонда 11 октябрь куни “Қўштепа” канали қурилишининг иккинчи босқичига тантанали равишда старт берилган.

Афғонистонда қурилаётган “Қўштепа” канали юзасидан музокаралар ўтказиш учун Ўзбекистонда ҳукумат делегацияси тузилмоқда ва у йил охиригача Толибон ҳукумати расмийлари билан учрашади. Бу ҳақда «Газета.uz» Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимовга таянган ҳолда хабар берди.

Қосимов мазкур каналнинг қурилиши Амударёдаги сув ҳажмининг озайишига сабаб бўлишини таъкидлаган ва «Борсак, бу масалани [сув тақсимотини], албатта, кўтарамиз. Ҳозир қачон бориш масаласи кўриб чиқилмоқда, уларга хатлар юборилган, [ташриф] бир-бир ярим ой ичида бўлиб қолади», — деб айтган.

Tolo news Афғонистонда 11 октябрь куни “Қўштепа” канали қурилишининг иккинчи босқичига тантанали равишда старт берилгани ҳақида ёзган эди.Балх вилоятида бўлиб ўтган мазкур тадбирда Толибон ҳукумати раисининг ўринбосари Абдулғани Бародар иштирок этган.

У ўз чиқишида Ўзбекистонни канал қурилишидан ташвишланмасликка чақирди ва бу бўйича юзага келадиган барча муаммолар дипломатик йўллар билан ҳал қилинишини айтди.

Озодлик жорий йилнинг март ойида “Толибоннинг "ҳалокатли канали". Ўзбекистон нега жим?” сарлавҳали мақола ва видеоматериални эълон қилган эди. Унда мутахассислар мазкур канал учун Амударёдан сув олиниши оқибатида Ўзбекистон сув захираси янада озайиши ва бу қурғоқчиликка сабаб бўлиши мумкинлигидан хавотир билдиришган.

"Қўштепа" каналининг узунлиги 285 километр, эни 100 метр, чуқурлиги 8,5 метрни ташкил этади. Канал қуриб битказилгач, Афғонистон Амударёнинг 10 куб/километр сувини олиш имконига эга бўлади. Бу камида Амударё сувининг учдан бир қисми деганидир.

Жорий йилнинг июнь ойида сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев Ўзбекистон Толибонга Амударёдан сув оладиган "Қўштепа" каналини қуришга кўмаклашишини билдирган эди.

Ўшанда вазир расмий Тошкент Толибон вакилларига канал қурилиши юзасидан ташвиш изҳор қилиб, бу лойиҳа Ўзбекистонда сув танқислигини янада кучайтириши мумкинлигини қайд этганини урғулаган.

Ҳамроевга кўра, бунга жавобан Толибон Афғонистондаги озиқ-овқат муаммосини ҳал этиш учун сув зарурлиги ва канал қурилиши тўхтатилмаслигини маълум қилган. Шундан сўнг канал қурилишидаги хато ва камчиликларни тугатиш мақсадида Ўзбекистон Толибонга канални ҳамкорликда қуриш таклифини киритган.

Президент Мирзиёев 15 сентябрда Душанбеда бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгаши мажлисида “Қўштепа” канали қурилиши масаласига тўхталган.

Ўзбекистон президентига кўра, каналнинг ишга туширилиши Марказий Осиёдаги сувдан фойдаланиш тартиби ва мувозанатини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин.

“Қўштепа” каналининг қурилиши ва унинг Амударё сувидан фойдаланиш тартибига таъсири билан боғлиқ барча жиҳатларни мамлакатларимиздаги тадқиқот институтларини жалб этган ҳолда ўрганиш бўйича Қўшма ишчи гуруҳини шакллантириш зарур, деб ҳисоблаймиз”, - деган Шавкат Мирзиёев Душанбедаги нутқида.