Россия Толибон ҳукуматининг илк дипломатини аккредитациядан ўтказди

Афғонистонда ўтган йил августида ҳокимиятни босиб олган Толибон ҳукуматининг илк дипломатини Москва аккредитациядан ўтказди. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров маълум қилди. Унга кўра, дипломат Москвага февраль ойида етиб келган эди.

Лавров Афғонистонга қўшни давлатлар анжуманида Толибон ҳукуматининг тан олиниши учун Афғонистонда ҳокимият мавжуд барча сиёсий кучлар иштирокида тамсил этилиши лозимлигини таъкидлади.

Шу кунгача халқаро ҳамжамият Толибон ҳукуматини тан олган эмас, халқаро молия институтлари эса Афғонистонга бериладиган ёрдамларни музлатган. Толибон жаҳоннинг кўплаб давлатларида, жумладан, Россияда ҳам террорчи ташкилот сифатида тан олинган.

Ўтган йилнинг октябрида президент Владимир Путин Россия “Толибонни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариш йўналишида ҳаракат бошлаши”ни билдирган эди.