Толибон олийгоҳларга аёлларни имтиҳонга киритишни тақиқлади

Афғон қизлари.

Толибон ҳукуматининг маориф вазирлиги хусусий университетларга аёлларни қабул қилиш имтиҳонларига киритишни тақиқлади. Вазирлик бу тақиқни бузган олийгоҳлар суд жавобгарчилигига тортилишини билдирди.

Афғонистонда 40 давлат ва 150 та хусусий университет бор. Афғон олийгоҳларига кириш имтихонлари февраль ойининг охирларида бўлиб ўтади.

2022 йилнинг декабрида Толибон олийгоҳларда ўқиётган қизларни ўқишга киритмаслик тўғрисида буйруқ чиқарган эди. Шунингдек, Толибон ҳукумати аёлларни ноҳукумат ташкилотларида ишлашини тақиқлаган. Бунинг ортидан БМТ Афғонистонга бериладиган гуманитар ёрдамнинг бир қисмини тўхтатиб қўйди.

Халқаро ҳамжамият Толибон ҳукуматининг аёллар ҳуқуқини чеклашини кескин танқид қилмоқда. Ғарб давлатлари, жумладан, АҚШ Толибон ҳукумати тан олиниши учун аёллар ҳуқуқига бўлган муносабатини ўзгартириши шарт деб ҳисоблайди. Европа Иттифоқи ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель Толибоннинг бу ҳаракатини “инсониятга қарши жиноят” сифатида баҳолади.

Толибон 2021 йилнинг 15 августида Кобулда ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг аёллар ҳуқуқи кафолатланишини ваъда қилган эди. Аммо орадан кўп ўтмай Толибон аёлларга турли чекловларни қўя бошлади.

Толибон 20 йил давомида фаолият кўрсатган Аёллар иши бўйича вазирликни тугатди, қизларнинг мактабда ўқишини ва спорт билан шуғулланишини чеклади, аёл телебошловчиларни ҳижоб кийишга мажбурлади.