Тоқаев икки кунлик давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қозоғистонлик ҳамкасби Қасим-Жомарт Тоқаев (архив сурати)

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳамкасби Шавкат Мирзиёев таклифига биноан жорий йилнинг 21-22 декабрь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, олий даражадаги музокараларда икки томонлама ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилиниши кўзда тутилган.

“Саммит кун тартибидан Ўзбекистон-Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада чуқурлаштириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперацияси бўйича ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни илгари суриш, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, фаол ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттириш каби асосий масалалар ўрин олган”, дейилган хабарномада Тоқаевнинг Тошкентга сафари чоғида Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида тузилиши айтилган “газ иттифоқи” муҳокамаси бўлиш-бўлмаслиги ҳақида ҳеч қандай маълумот берилган эмас.

Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида “уч томонлама газ иттифоқи” тузиш истагини Владимир Путин ўтган ой охирида Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан Москвадаги учрашуви чоғида билдирган эди.

Ўтган ҳафта Қозоғистон энергетика вазири Болат Акчулаков ўз мамлакати газ масаласи бўйича Россия ва Ўзбекистон билан тиғиз ҳамкорлик қилаётгани, бироқ “газ иттифоқи” тузиш масаласини муҳокама қилмаганини қайд этган.

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов эса 7 декабрь куни журналистлар билан мулоқот чоғида Тошкент “ҳеч қачон газ эвазига сиёсий шартларга рози бўлмайди”, деб айтган. Россия билан газ етказиб бериш бўйича шартнома тузилиши эса, вазирга кўра, иттифоқ тузилишини англатмайди.

Тоқаевнинг чоршанба ва пайшанба кунларига белгиланган Ўзбекистонга ташрифи чоғида икки президентнинг қатор йирик инвестиция лойиҳаларини бошлаб бериши режаланган. Учрашувлар якунида эса амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича икки томонлама битимлар қабул қилиш назарда тутилган.