Маданият вазирлиги Тош ҳовли саройида ноқонуний реставрация ишлари тўхтатилганини билдирди

Хивадаги Тош ҳовли саройи деворининг бузилган жойи

Хивадаги Тош ҳовли саройида қонунга хилоф равишда олиб борилаётган таъмирлаш-тиклаш ишлари тўхтатилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Маданият вазирлиги ахборот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирликнинг Маданий мерос департаменти томонидан аниқланишича, Тош ҳовли саройининг шарқий томонидаги девор тепаси “Ичан-Қалъа” давлат музей-қўриқхонаси буюртмасига биноан “Сургут нефть строй” пудратчи хусусий корхонаси томонидан жорий йилнинг 8 декабрь куни бузилган.

“Ичан-Қалъа” давлат музей-қўриқхонасида ҳар қандай таъмирлаш-тиклаш ишлари Департамент қошидаги Илмий-эксперт кенгаши хулосаси асосида бажарилиши ва ЮНEСКО ташкилоти билан келишиш зарурлиги аниқ белгиланган бўлса-да, аммо лойиҳа Илмий-эксперт кенгашига киритилмаган ва саройда лойиҳасиз таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилган”, дейилган хабарномада.

Қайд этилишича, ҳозирда Департамент ходимлари томонидан Тош ҳовли саройида таъмирлаш-тиклаш ишлари тўхтатилган бўлиб, ноқонуний олиб борилаётган таъмирлаш-тиклаш ишлари тўғрисида ҳуқуқ-тартибот идораларига ҳужжат тайёрланмоқда.

Тош ҳовли (Дошҳовли) саройи Хиванинг Ичон-қалъаси мажмуасига кириб, 1832-38 йилларда қурилган бу обида хон ҳарами вазифасини бажарган. Хивалик реставраторлар аввалроқ Озодлик билан суҳбатда таъмирлаш чоғида Дошҳовлида девор ҳамда ёғочга ишланган нақшлар вайрон қилингани ҳақида маълум қилган эдилар.