Тошкентда пиёдалар йўл қоидасига амал қилмагани ортидан 500 дан ортиқ автоҳалокат юз берди

Тошкентда 10 октябрь куни содир этилган автоаварияда икки киши ҳалок бўлган эди.

Пойтахт Тошкентда жорий йилнинг январидан ноябригача пиёдалар йўл ҳаракати қоидаларини бузгани оқибатида 524 та автоавария содир этилди.

Тошкент Ички ишлар бош бошқармасининг билдиришича, мазкур автоаварияларда 32 киши ҳалок бўлган, 487 киши эса турли даражадаги тан жароҳатларини олган.

Мазкур давр мобайнида йўл қоидасини бузган 101 минг 861 та пиёдага нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2021 йил бошидан бери то шу кунгача содир этилган 6551 та йўл-транспорт ҳодисасида 1682 киши ҳалок бўлгани билдирилган эди.

Расмийнинг билдиришича, автоаварияларда 5920 киши турли даражадаги тан жароҳатларини олган. Аварияларнинг деярли 40 фоизи тезликни меъёридан ошириш натижасида юзага келган.