Тошкент билан Душанбе ўртасидаги авиақатнов янги йилдан тикланиши мумкин

Ўзбекистон ва Тожикистон расмийлари икки мамлакат ўртасидаги авиаалоқани 2021 йил 1 январидан тиклаш бўйича музокара олиб бормоқдалар. Бу ҳақда “Азия-Плюс” агентлиги Тожикистон ҳукуматидаги ўз манбаси сўзларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Тошкент билан Душанбе ўртасидаги мунтазам қатновлар шу йил март ойда коронавирус пандемияси туфайли чегаралар ёпилгани ортидан тўхтатилганди.

Ўзбекистон билан Тожикистон расмийлари икки пойтахт ўртасидаги парвозларни 1 ноябргача тиклаш масаласини муҳокама қилишгани, кейин бу муддат 1 декабрга кўчирилгани, сўнгра бу иш янги йилга қолгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган.

“Азия-Плюс” маълумотига кўра, ҳозирча ўзбек-тожик чегарасидан икки мамлакат фуқароларидан уч тоифасигина ўтиши мумкин. Булар Тожикистон ёки Ўзбекистон олий таълим муассасаларида ўқийдига талабалар, қўшни мамлакатда хотини, эри ёки фарзандлари бўлган фуқаролар ҳамда Ўзбекистон ёки Тожикистоннинг коронавирусга қарши кураш бўйича республика штабларидан тегишли рухсатнома олган кишилардир.