Ўзбекистон Европа Иттифоқига GSP+ имтиёзли режими амал қилиш муддатини яна 10 йилга узайтиришни сўради.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати ахборотига кўра, бу таклиф Брюсселда бўлиб ўтган ЕИнинг имтиёзлар тизимини амалга ошириш масалалари бўйича ишчи гуруҳ йиғилишида билдирилган.
Йиғилишда Ўзбекистон делегацияси мамлакат 2021 йилда GSP+ бенефициар мақомини олганидан буён амалга оширган ишлар натижаларини тақдим этган.
Қайд этилишича, ушбу давр мобайнида ЕИга экспорт қарийб уч бараварга ошиб, 1,15 миллиард долларга етган. Шунингдек, 6200 дан ортиқ имтиёзли товар туридан 1100 га яқин маҳсулот, хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, тўқимачилик, электротехника ва кимё маҳсулотлари учун барқарор экспорт йўлга қўйилган.
Ўзбек делегацияси GSP+ доирасида имтиёзли товарлар рўйхатини мева ва сабзавотлар билан кенгайтириш, шунингдек, мавсумий экспорт квоталарини қайта кўриб чиқиб, уларнинг муддатини узайтириш сўровини ҳам илгари сурган.
GSP+ бу – ЕИнинг барқарор ривожланиш ва самарали бошқарув бўйича махсус преференциялар тизимидир. Мазкур тизим ривожланаётган давлатларда барқарор тараққиётга ёрдам бериш ва камбағалликни камайтириш мақсадида уларнинг маҳсулотларини Европа бозорига киришини енгиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Озодлик Ўзбекистон 2021 йил 10 апрелидан эътиборан GSP+ иштирокчиси сифатида 6200 турдаги маҳсулотни ЕИ ҳудудига божсиз экспорт қилиш имкониятига эга бўлгани ҳақида хабар қилган эди.
Брюссель 2023 йил ноябрь ойида Ўзбекистон учун GSP+ тизимидан фойдаланиш муддатини 2027 йил 31 декабрга қадар узайтирган.
Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йилда мамлакатнинг Европага саноат экспортини 600 та маҳсулотга, экспорт ҳажмини эса 700 миллион долларга етказиш вазифасини қўйганди. Ўшанда Мирзиёев мамлакат GSP+ тизимига кирадиган 6200 та божсиз маҳсулотнинг бор-йўғи 325 турини экспорт қилаётганидан кўнгли тўлмаётганини билдирган эди.