Тошкент жаҳондаги йирик шаҳарлар орасида ҳаво ифлосланиши рейтингида 11 сентябрь куни эрталаб соат 8 да тўртинчи ўринда қайд этилди. Бу ҳақда “Ўзгидромет” маълум қилди.
Uzb_Meteo телеграм каналидаги маълумотда таъкидланишича, Тошкентдан олдинги ўринларни ЖАРнинг Йоханнесбург, Индонезиянинг Жакарта, БААнинг Дубай шаҳарлари эгаллади.
“Нам ҳаво оқимларининг кириб келишидан олдин пастдан юқорига сезилар-сезилмас куч ҳисобига пойтахт ҳавосида майда диперс чанг заррачалари билан ифлосланиш ортган. AQI платформасида пойтахт ҳавосининг сифат даражаси 144 бирлик билан баҳоланмоқда. Бу "тўқ сариқ" хавф даражасига эга. Ўзгидромет 11 сентябрь куни жойларда чанг тўзонлар кутилиши ҳақидаги хабарни анчадан буён айтиб келмоқда”, дейилади маълумотда.
Орадан бир соат ўтгач, соат 9:00 да Тошкент ҳавоси бироз яхшиланди ва у 8- ўринга тушди.
3 июль куни ҳам ҳаво ифлосланишини кузатиб борувчи IQAir рейтингида IQAir рейтингида Тошкент дунёда биринчи ўринни эгаллаганди.
Бундан аввалги йилларда Тошкентнинг ҳаво рейтинги қандай бўлган эди?
2022 йилнинг 12 декабрида Тошкент ҳавоси энг ифлос шаҳарлар рейтингида 7- поғонада қайд этилган эди. ЎшандаТошкент ҳавосидаги PM2.5, яъни нозик заррачалар даражаси 188 кўрсаткичга етган. Ўтган йили Тошкентда камида тўрт марта ҳавонинг ҳаддан ташқари ифлосланиши кузатилди.
2021 йилнинг 4 ноябрь куни Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида шиддатли чанг бўрони кузатилган, ўша оқшом Тошкент шаҳрида соат 21:00 ва 23:00 орасида чанг миқдори меъёрдан 30 баробаргача ошгани ва пойтахт жаҳонда ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлар рейтингида 1-ўринга чиққани хабар қилинган эди.
Ҳавонинг ифлосланиши дунёдаги ҳар олтинчи ўлимнинг сабаби экани маълум. Жаҳон банкига кўра, Ўзбекистонда ҳаво ифлосланишидан ўлим ҳолатлари ҳар юз минг кишига 81 нафарни ташкил қилади.
IQAir индексида Тошкент шаҳри дунёдаги ҳавоси энг ифлос шаҳарлардан бири сифатида тилга олинади. Ташкилотнинг 2021 йилги ҳисоботида шаҳардаги ҳаво даражаси "ўта носоғлом" дея баҳоланган.