Тошкент Озарбайжон-Арманистон чегарасида тинчликка эришилганини олқишлади, бироқ Ереван ҳали кескинлик бартараф қилинмаганини айтмоқда

Ўзбекистон ШҲТга раислик қилувчи мамлакат сифатида Озарбайжон-Арманистон чегарасида тинчликка эришилгани ва кескинлик бартараф этилганини олқишлади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 14 сентябрь куни тарқатилган баёнотда айтилган.

“Ўзбекистоннинг ишончи комилки, барча масалалар ва мавжуд муаммоларни ҳал қилишнинг ягона тўғри йўли бу халқаро ҳуқуқ асосида ва илгари эришилган келишувлар доирасида тинчлик музокаралари ва маслаҳатлашувлар йўлидир”, дейилган ТИВ баёнотида.

Озарбайжон-Арманистон чегарасидаги вазият 13 сентябрга ўтар кечаси икки мамлакат ҳарбийлар ўртасида чиққан отишма ортидан таранглашган. Арманистон томони отишма чоғида ўзининг 49 аскари, Озарбайжон томони эса 50 нафар ҳарбийси ҳалок бўлганини билдирган. Ҳар икки томон можарода бир-бири айблаб чиққан.

Аввалроқ Ереван ва Боку сешанба куни чегарада ўт очишни тўхтатиш ҳақида келишиб олгани эълон қилинган. Бироқ, арманистонлик расмийлар иддаосича, Озарбайжон армияси 14 сентябрь тонгида ҳам Арманистон позициясини ўққа тутишда давом этишган.

Можаро ортидан Ереван Россия, КХШТ ва БМТ Хавфсизлик Кенгашига мурожаат қилган. Шундан сўнг КХШТ кенгаши Арманистонга ташкилот бош котиби Станислав Зась бошчилигидаги миссияни йўллашга қарор қилган.