Тошкентда Афғонистон бўйича халқаро конференция ўтказилади

Кобул манзараси.

Тошкентда 25-26 июль кунлари 20 дан ортиқ мамлакат ва халқаро ташкилотлар иштирокида Афғонистон бўйича халқаро конференция ўтказилади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Расман билдирилишича, тадбирдан мақсад Афғонистонда барқарорлик ва хавфсизликни қайта тиклаш, урушдан кейинги тикланишга кўмаклашиш ва бутун дунё манфаатлари йўлида ушбу мамлакатни минтақавий ҳамкорлик жараёнларига интеграциялашуви масалалари бўйича жаҳон ҳамжамиятининг ёндашувларига доир комплекс чора-тадбирлар ва таклифларни ишлаб чиқишдан иборатдир.

Тошкентда 2018 йил 27 март куни “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси, 2021 йил 15-16 июль кунлари “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” халқаро конференциялари ўтказилган эди.

Ўзбекистон 2021 йилнинг 15 августида Кобулни эгаллаб, ҳокимиятни босиб олган Толибон ҳукумати билан ҳамкорлик қилиб келаётган жаҳондаги бармоқ билан санарли давлатлардан биридир. Толибон ҳукумати шу кунгача халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган эмас.