Пойтахтда ўқиш япон ва ўзбек тилларида олиб бориладиган университет ташкил этилади

Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида Япония рақамли университети ташкил этилади. Бунга оид ҳукумат қарори жорий йил 2 декабрида қабул қилинган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълумотига кўра, янги университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб АКТ, дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, ахборот тизими ва компьютер тармоқларини бошқариш бўйича олий маълумотли рақобатбардош кадрларни тайёрлаш ҳамда бошқалар белгиланган.

Ҳукумат қарорига мувофиқ, Тошкентдаги Япония рақамли университети нодавлат олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Университетда ўқитиш Япониянинг Отемае университети, Токио онлайн университети ва бошқа нуфузли ОТМ ҳамда Ўзбекистон давлат таълим стандартлари талаблари инобатга олинган ҳолда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган ўқув режалари ва фан дастурларига мувофиқ равишда япон ва ўзбек тилларида тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Университетда бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кундузги ва масофавий таълим шаклларида кадрлар тайёрланади.

“Муҳандис-дастурчи” бакалавриат таълим йўналиши бўйича университетга талабаларни қабул қилиш 2020/2021 ўқув йилидан, “Компьютер графикаси ва дизайн” бакалавриат таълим йўналиши бўйича – кейинги ўқув йилидан бошлаб амалга оширилади.

“2020/2021 ўқув йили ҳамда кейинги ўқув йилларида университетга қабул қилиш параметрлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади”, дейилган хабарномада.

Қайд этилишича, битирувчиларга олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Япония университетлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг белгиланган намунадаги дипломлари берилади.