Ўзбекистон пойтахтида янги ташкил этилган Янгиҳаёт тумани ҳудудидаги хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган икки қаватли 409 та ёғоч уй бузиб ташланади. Бу ҳақда туман ҳокими Ҳаёт Иноғомов 25 февраль куни АОКАда ўтказилган матбуот анжумани чоғида билдирган.
Мулозимга кўра, мазкур уйлардаги 4 минг 314 та хонадонда истиқомат қилаётган одамлар учун туман марказида янги уйлар қуриш режаланган.
Ҳ. Иноғомов бу ёғоч уйлар 1966 йилдаги зилзиладан сўнг тез фурсатда қурилган бинолар экани, уларнинг кўпчилиги ҳозирги пайтда авария ҳолатига келиб қолганини маълум қилган.
Туман ҳокими ҳозирда бу бўйича туркиялик мутахассислар билан биргаликда лойиҳа ишлаб чиқилаётгани, кўчириладиган одамларга янги уйлар қуриш учун ҳозир ер танланаётгани, танланган ерга барча шароитларга эга янги уйлар қурилиб, уларга ёғоч уйларда яшаган кишилар кўчирилишини қўшимча қилган.